Глобаллашув жараёни ва ёшлар
  • 20 Май 2016

Глобаллашув жараёни ва ёшлар

Пойтахтимизда “Глобаллашув жараёнлари ва ахборот асрида ёшлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг маънавий-маърифий ва ғоявий жиҳатлари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда депутатлар, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар, талаба-ёшлар қатнашди.

Мамлакатимизда навқирон авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча имконият яратилган. Бугунги глобаллашув ҳамда тезкор ахборот алмашинуви даврида ёшлар маънавиятини турли таҳдидлардан асраш, халқаро майдонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг асл моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, тинчлик-осойишталикни қадрлаш долзарб вазифалар-дандир.

Жорий йил юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани ўғил-қизларимиз ёрқин келажаги йўлида амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастурида, аввало, ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ҳамда келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир авлодни тарбиялаш, давлат ва жамиятнинг барча куч-имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этиш кўзда тутилган.

Ушбу конференцияда ҳам Давлат дастуридан келиб чиқиб, маънавий-ахлоқий тарбия тизимини янада бойитиш, таълим-тарбия жараёнлари самарадорлигини кучайтириш, навқирон авлоднинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга доир масалаларнинг назарий ва амалий жиҳатлари муҳокама этилди.

Шунингдек, “Ёшлар ижтимоий фаоллигини оширишда миллий ғоя тарғиботининг ўрни”, “Ўзбекистоннинг маънавият стратегияси”, “Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтиришда -сиёсий партияларнинг роли” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Дилмурод СОДИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn