Тармоқлараро алоқалар янада кенгаяди
  • 19 Май 2016

Тармоқлараро алоқалар янада кенгаяди

Тошкентда Машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш, Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркалари бошланди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 мартдаги “2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил қилинган мазкур тадбирда “Ўзавтосаноат”, “Ўзагросаноатмашхолдинг”, “Ўзэлтехсаноат” компаниялари, “Ўзагромашсервис” уюшмаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги таркибидаги 220 дан ортиқ корхона ҳамда ташкилотлар ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу форум мамлакатимиз саноати салоҳиятини юксалтириш, иқтисодиёт тармоқларини техник ҳамда технологик жиҳатдан янгилаш, улар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йилги тадбирда 165 дан зиёд корхоналар томонидан 1200 турдан кўпроқ маҳсулот намойиш этилган бўлса, шундан 82 таси Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқариш ўзлаштирилган янги маҳсулотлар эканлиги, якунда эса 39,9 млрд. сўмлик шартномалар имзолангани бунинг яққол тасдиғидир.

— Мазкур ярмаркада ҳар йили қатнашаяпмиз, — дейди “Artel” компаниясининг савдо бўлими бошлиғи Камолиддин Тўлаганов. — Сабаби, у ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни оммага кенг таништириш баробарида, бошқа корхоналар билан манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришимизда ҳам қўл келмоқда.

Мисол учун, бултур 2016 йилда маҳсулот етказиб бериш бўйича 

10 млрд. сўмликка яқин шартнома тузган эдик. Ҳозиргача ушбу ишларнинг 30 фоизи амалга оширилди. Қолган қисмини йил охиригача уддалаймиз.

Жорий йилда “Artel” бренди остида катта ҳажмли совиткич, савдо шохобчалари учун мўлжалланган музлаткич, компьютер монитори сингари янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Тадбирда уларни омма эътиборига ҳавола қилаяпмиз.

Тўрт кун давом этадиган тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси доирасида “Маҳаллийлаштириш — ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтиришнинг муҳим омили” мавзуида семинар-тренинг ўтказилади. Бу эса тармоқлараро алоқаларнинг янада кенгайишига хизмат қилади, албатта.

Д. ЖУМАБОЕВ. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn