Ёш дастурчилар танлови
  • 19 Май 2016

Ёш дастурчилар танлови

Мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “BestSoft Challenge” дастурий таъминотини яратиш бўйича навбатдаги танлов бошланди.

Жорий йилнинг 26 августига қадар давом этадиган мазкур интеллектуал беллашув Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини жорий қилиш маркази, “Камолот” ЁИҲ, “BePro” дастурчилар маркази масъулияти чекланган жамияти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Бу ҳақда кеча пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Дастурий маҳсулотлар АКТ бозорининг муҳим таркибий қисми бўлиб, мамлакат иқтисодиёти самарадорлигини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Ўз навбатида, сўнгги йилларда инновацион тараққиётга эришишда софтвер соҳасининг роли тобора ошиб бораяпти. Бинобарин, юртимизнинг етакчи таълим муассасалари базасида дастурлаштириш йўналишида мутахассисларни комплекс тайёрлаш йўлга қўйилган.

Юқоридаги лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам ёш дастурчиларни рағбатлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, дастурий маҳсулотлар бозорини янада равнақ топтириш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

“BestSoft Challenge” танловида қатнашиш учун 26 августгача якка ёки гуруҳ тартибида (тўрт кишигача) software.uz сайтида он-лайн режимида рўйхатдан ўтиш, “Электрон тижорат йўналишида энг яхши лойиҳа/ишланма”, “Таълим йўналишида энг яхши лойиҳа/ишланма”, “Энг яхши компьютер ва мобиль ўйин” номинацияларидан келиб чиқиб тайёрланган дастурий таъминотни тақдим этиш зарур.

Ишланма ҳамда лойиҳаларни баҳолашда уларнинг долзарблиги, ғоянинг оригиналлиги, технологик афзалликлари, амалда қўллаш жиҳатидан қулайлиги, дастурий таъминотдан эркин фойдаланиш, унинг очиқ кодли тизимда яратилганлиги ҳисобга олинади.

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn