Сурхон воҳасининг тотли неъмати
  • 19 Май 2016

Сурхон воҳасининг тотли неъмати

Аҳолининг мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва нарх-навонинг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида Сурхондарё вилоятида мавжуд салоҳиятдан оқилона фойдаланилмоқда. Хусусан, жорий йилда 77 гектар ерда токзор, 400 гектар майдонда интенсив боғ яратилди.

Воҳада фермер хўжаликлари ихтиёридаги эски боғлар ўрнида эртапишар ҳамда интенсив боғлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Бу эса мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган Термиз, Ангор, Бойсун ва -Олтинсой туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кенгайтириш имконини бераяпти.

Маълумки, Сурхон воҳаси — мамлакатимизнинг серқуёш ҳудудларидан бири. Айниқса, вилоят марказига яқин туманларда мева-сабзавот маҳсулотларининг аксарияти апрель — май ойларидаёқ пишиб етилади. Бинобарин, айни пайтда ўрик, гилос сингари витаминга бой мевалар, картошка, пиёз ҳамда сабзавот маҳсулотлари йиғиштириб олиниб, аҳоли дастурхонига пешма-пеш тортиқ қилинаётир. Бу борада фермер ва деҳқон хўжаликлари соҳибларига қарийб 60 та экспортчи корхона яқиндан ёрдам бераяпти. Денов, Жарқўрғон, Ангор ҳамда Термиз туманларида эса мева-сабзавот маҳсулотларини қабул қилиш учун ихтисослаштирилган, барча шарт-шароитга эга тайёрлов базалари -фаолияти йўлга қўйилган.

— Жорий йилда ҳудудимиздаги ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида салкам 6 минг тонна мева ва 62 минг 14 тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган, — дейди Термиз тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг етакчи мутахассиси Чўлли Алланазаров. — Эътиборлиси, Рўзибой Ўтаев раҳбарлигидаги “Соҳибкор” фермер хўжалиги боғбонлари 100 тоннадан зиёд ўрик ҳамда гилосни экспорт қилишга эришди.

Таъкидлаш керакки, ушбу туманда томорқа самарадорлигини ошириш, аҳоли етиштирган маҳсулотни четга чиқариш юзасидан республика ташқи савдо компаниялари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳам ўз натижасини кўрсатаяпти.

— Солиобод, Гулистон, Наврўз, Жуйжангал, Мангузар каби маҳаллаларимизда яшовчи аҳоли хонадонларининг деярли ҳаммасида ўрикнинг “Жавзои” деб аталадиган -эртапишар ва серҳосил нави парваришланади, — дейди “Паттакесар” қишлоқ фуқаролар -йиғини фаоли Хўжаназар Алиёров. — Улар бир ҳафта ичида экспортчи корхоналар кўмагида 100 тоннага яқин ўрикни ташқи бозорга жўнатишди.

Ҳақиқатан ҳам, шу кунларда Сурхондарё вилоятида мавжуд боғларда олтинранг бўлиб пишган ўриклар ҳамда қирмизи гилосларни териш ва тайёрлов базаларига топшириш юмушлари қизғин тус олган. Тайёрлов базалари ходимлари эса бундай меваларни ички ҳамда ташқи бозорларга ўз вақтида етказишга ҳаракат қилишмоқда.

Нормурод ТЕМИРОВ,

Шомурот ШАРАПОВ (суратлар),

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тарбия масъулиятдир Ёш дастурчилар танлови »