Ташаббускор ва фаол номзодлар сайланмоқда
Версия для печати
  • 18 Май 2016

Ташаббускор ва фаол номзодлар сайланмоқда

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенглик тамойиллари асосида ўтказилмоқда. Эътиборлиси, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирларда фуқаролар фаол қатнашаяптилар. Зеро, маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, унинг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш орқали кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдек эзгу мақсадларга эришилиши кўзда тутилган.

Бухоро вилояти бўйича 558 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 5000 нафардан ортиқ маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилган бўлиб, сайлов жараёни юқори савияда давом эттирилмоқда.

— Муносиб номзодларнинг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сифатида сайланиши юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, — дейди сайловни ташкил этиш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи Бухоро вилояти комиссияси раиси Зафар Таиров. — Ташаббускор, фидойи кишиларнинг фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сифатида самарали фаолият кўрсатиши келгусида маҳалланинг фуқаролик жамияти институтлари тизимида тутган ўрнини мустаҳкамлайди, уларнинг мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини янада кенгайтиради. Вилоятимизда сайловга шу нуқтаи назардан ёндашилаяпти. Пировардида эса ушбу масъулиятли вазифаларга ташаббускор ва фаол фуқароларнинг сайланиши -таъминланмоқда.

Бухоро шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайлов мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин. Бу ердаги ишчи гуруҳ томонидан маҳалла ҳудудидаги тўртта кўчада ташкил этилган аҳоли умумий йиғилишларида фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф-истаклари инобатга олинди. Йиғин раислигига 3 нафар, унинг маслаҳатчилигига эса 20 нафар номзод кўрсатилган эди. Табиийки, уларнинг иш ҳамда ҳаётий тажрибаси, аҳоли ўртасидаги обрў-эътибори, билим даражасига алоҳида аҳамият қаратилди. Муқобиллик асосида бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, энг муносиб номзодлар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари этиб сайланди.

— Номзодларнинг келгусидаги фаолият дастурлари билан яқиндан танишдик, — дейди мазкур маҳалла фаоли Баҳриддин Баратов. — Айниқса, уларда ҳудудни ободонлаштириш ишлари қамровини кенгайтириш, жамоатчилик комиссиялари ҳамда “Ота-оналар университети” фаолиятини янада кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва яна бир қатор масалаларга кенг ўрин ажратилгани менга маъқул келди. Ўйлайманки, ушбу вазифалар рўёбга чиқарилса, маҳалламиз янада обод бўлади, аҳоли турмуш даражаси бундан-да юксалади. Шундай экан, биз, барча фаоллар янги сайланган раис ҳамда унинг маслаҳатчиларини қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, ҳамжиҳатликда қилинган ишда барака бўлади.

— Маҳалламизда 3512 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла раисининг маслаҳатчиси Фахриддин Гадоев. — Ҳар бирининг ўзига яраша қизиқиши, орзу-мақсадлари бор. Улар ўртасида қўни-қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни ўзим учун алоҳида вазифа сифатида белгилаб олдим. Зеро, маҳалла аҳли иноқ ва тотув яшаса, ҳудудимиз янада обод, турмушимиз эса фаровон бўлади. Айни чоғда ёшлар тарбияси билан боғлиқ ишларни яна бир поғона юксалтириш масаласини олдимизда турган энг муҳим вазифалардан, деб биламан.

Маълумки, маҳалла раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари ўша ҳудуд аҳолисининг манфаатларини ифода этувчи масъуллар ҳисобланади. Шу маънода, ушбу лавозимларга аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган, бой ҳаётий тажриба ва замонавий билимларга эга бўлган, адолатли инсонларнинг келиши айни муддаодир. Зотан, ҳар бир маҳалланинг келгуси тараққиёти, аҳоли осойишталиги ҳамда турмуш фаровонлиги кўп жиҳатдан уларга боғлиқдир.

Самарқанд вилоятида бўлиб ўтаётган сайловларда ҳам номзодларнинг ана шу жиҳатлари сайловчилар диққат-эътиборида турибди. Вилоятда жами 1245 та фуқаролар йиғинида сайлов ўтказилади. Бугунги кунгача уларнинг 346 тасида сайлов уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Иштихон туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раислиги лавозимига иккита номзод кўрсатилган эди. Сайлов куни 60 нафар вакил ўзлари ишонган номзодни қўллаб-қувватлаб овоз берди.

— Номзодларнинг келгуси фаолият дастури маҳалладаги мавжуд масалаларни ҳал этишнинг аниқ йўллари баён қилиб берилгани билан барчанинг қизиқишига сабаб бўлди, — дейди ушбу маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раҳбари Усмон Исаев. — Айниқса, уларнинг ҳудудни ободонлаштириш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби долзарб масалаларга оид ғоялари кўпчиликка манзур бўлди.

Самарқанд шаҳрининг Абдулла Қаҳҳор номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раислиги учун 3 нафар номзод ўзаро баҳс олиб борди. Адолат мезони асосида ўтган сайлов якунида 60 нафар фуқаролар вакили ўзининг ишчанлиги, ташаббускорлиги ҳамда эзгу фазилатлари билан ҳурмат-эътибор қозонган номзод учун овоз берди.

— Маҳалланинг нуфузи, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни тобора ортиб бораётир, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси Шоира Эргашева. — Шундан келиб чиқиб, янги сайланган раис ва маҳалламиз фаоллари билан биргаликда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни изчил қўллаб-қувватлаш, аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, тўй ва бошқа маросимларнинг ихчам тарзда ўтказилишини таъминлаш каби вазифаларга аҳамият қаратамиз. Фаоллар ҳамда аҳолининг қўллаб-қувватлаши билан бу вазифаларни ҳам рўёбга чиқариб, бизни сайлаган маҳалладошларимизнинг ишончини, албатта, оқлаймиз.

Андижон вилояти бўйича шу кунгача 325 та фуқаролар йиғинида сайловлар демократик тамойилларга мос ҳолда бўлиб ўтди. Уларда ҳам аҳоли фаоллиги яққол сезилиб турди. Яъни фуқаролар вакиллари номзодларнинг келгуси фаолият дастурлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш баробарида, уларнинг аҳоли орасидаги обрў-эътибори, ташкилотчилик қобилияти, ҳаётий тажрибаси ҳамда раҳбарлик салоҳиятига ҳам алоҳида аҳамият қаратишмоқда.

— Вилоятимиз бўйича 968 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 9000 нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилган бўлиб, фуқаролар вакиллари ўзлари ишонган, муносиб номзодларга овоз бермоқда, — дейди сайловни ташкил этиш ҳамда уни ўтказишга кўмаклашувчи Андижон вилояти комиссияси раиси Маҳаммаджон Йўлдошев. — Хусусан, Асака туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига 3 нафар номзод кўрсатилган эди. Ошкоралик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтган сайловда энг муносиб номзод қўллаб-қувватланди.

Табиийки, маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар номидан келган 67 нафар вакил номзодларнинг ўз дастурларида аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ҳудудда маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилиш, ободонлаштиришга эътиборни кучайтириш, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар тарбияси билан изчил шуғулланиш ва маҳалладошларнинг ҳуқуқий ҳамда тиббий маданиятини юксалтириш каби долзарб вазифаларга нечоғли аҳамият қаратганликларини ҳисобга олдилар.

— Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиси бўлиш ниҳоятда масъулиятли вазифа, — дейди Қўрғонтепа туманидаги “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Азизбек Қурбонов. — Гап шундаки, маҳалладошларнинг ишончини оқлаш осон иш эмас. Шу маънода, янги сайланган раис ҳамда унинг маслаҳатчиларидан ташаббускорлик, юксак фаоллик талаб этилади. Албатта, бутун маҳалламиз аҳли билан уларга кўмаклашамиз.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раислигига 4 нафар раис ва унинг маслаҳатчилигига 20 нафар номзод кўрсатилган бўлиб, сайлов жараёни белгиланган тартиб-таомиллар асосида уюштирилди. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар аҳоли эътиборига ҳавола қилинди. Йиғилишларда номзодларнинг келгуси фаолият дастурлари тингланди. Якунда фуқаролар вакиллари ўзлари учун энг мақбул номзодни танлаб олди.

Республикамизнинг барча туман ҳамда шаҳарларида фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn