Маънавий истиқболимизнинг мустаҳкам пойдевори
  • 18 Май 2016

Маънавий истиқболимизнинг мустаҳкам пойдевори

Президентимизнинг шу йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз кенг илмий жамоатчилиги, таълим соҳаси фидойилари, мустақил ҳаётга эзгу ниятлар билан қадам қўяётган йигит-қизлар, қисқача айтганда, юртдошларимиз томонидан катта қувонч ҳамда ҳаяжон билан кутиб олинди.

Бугун дунёда кузатилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар ва ахборот технологияларининг жадал тараққиёти жараёнида она тилимизни асраб-авайлаш, бойитиш, илмий тадқиқ этиш, унинг ички қонуниятларини очиш ғоят муҳим саналади. Зеро, ҳар бир халқнинг беназир маънавий бойликларидан бири, шубҳасиз, унинг она тилидир. Зотан, тил одамларни миллат сифатида бирлаштиради, яъни халқнинг ўзлигини намоён қилади. Шунинг учун ҳам инсоният маданий ҳаётининг шаклланишини, равнақини тилсиз тасаввур этиш мушкул. Давр ўзгаришлари, бемисл тараққиёт мезонлари даставвал тил орқали ифодаланади. Бинобарин,  давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “...ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили — бу миллатнинг руҳидир”.

Демакки, миллат руҳи ва унинг дунёда мавжудлигини белгиловчи энг муҳим омиллардан бири тил экан, бунинг учун у эркин ривожланиши, халқ ҳаётининг барча жабҳасида бирдек хизмат қилиши, халқнинг тилга бўлган жамики эҳтиёжларини қондириши лозим.

Маълумки, Алишер Навоий бой мероси билан мумтоз адабиётимизда ўчмас из қолдирган буюк сиймолардан биридир. Янги университетга авлиёларнинг авлиёси, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоирларнинг султони — Алишер Навоий номининг берилиши замирида ҳам жуда катта маъно мужассам. Унинг ўз она тилида ижод қилгани ва бу тилда бетакрор асарлар яратгани кўплаб манбаларда, хусусан, Ҳусайн Бойқаронинг “Рисола”сида алоҳида эътироф этилади.

Улуғ мутафаккир шоиримизнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида сўз дурга қиёсланади. Дур денгиз қаърида бўлганидек, сўзнинг макони инсон кўнглида: “Сўз дуррининг тавофути мундин доғи беғоятроқ ва мартабаси мундин ҳам бениҳоятроқдур. Андоқки, шарафидин ўлғон баданға руҳи пок етар, касифидин ҳаётлиқ танға заҳри ҳалок хосияти зуҳур этар”.

Навоий ҳар бир киши ўз айтар сўзига эгалик қилиши, сўз одоби, маданиятини сақлай билиши кишининг юксак инсоний фазилатлари сирасидан эканини таъкидлаганда, она тилига садоқат, ҳурмат-эҳтиромнинг туб моҳиятига эътиборимизни қаратади.

Шу ўринда тилимизнинг, том маънода, ўз озодлиги, ҳурлигига эришгани ҳақида алоҳида тўхталишимиз жоиз. Яъни 1989 йилнинг октябрида — ҳали мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган бир даврда халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири саналмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Ўтган йилларга назар ташласак, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган бу тарихий иш энг улуғ, энг азиз неъмат саналган мустақиллик сари ташланган дастлабки дадил қадам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида эса давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қўйилди.

Ўтган вақт мобайнида ўзбек тили ва адабиётининг халқимиз, жамиятимизнинг маънавий ривожида, замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни билан боғлиқ мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар муваффақиятли бажарилмоқда. Луғат ҳамда қомуслар, рисола ва дарсликлар нашр этилаяпти. Мазкур йўналиш бўйича мутахассислар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича татбиқ этилаётган амалий чора-тадбирлар ўз самарасини бераётир.

Фармонда қайд этилганидек, “Айни вақтда бу соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз даркор”. Мазкур жараёнда, аввало, она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ҳамда илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ғоятда долзарб масаладир.

Бугун замон янада илдамлашиб, тилимизга янги сўзлар, атамалар кириб келаяпти. Масалан, АКТ, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби замонавий соҳалар жадал ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тарихий аҳамиятга эга мазкур Фармонида бу жиҳатларга жиддий эътибор қаратилиб, ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллаши учун замонавий дарсликлар, этимологик ҳамда қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ҳамда категорияларни ишлаб чиқиш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Хизмат сафари билан Италия, Австрия, Греция каби давлатларга борганимда, у ердаги таълим даргоҳларида бўлганман. Шунда аксар олий таълим даргоҳлари қошида турли тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилгани эътиборимни тортган. Янги университет таркибида ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари фаолият юритиши билан бир қаторда, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши ўзбек тили ва адабиётини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асосларини, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ҳамда педагог кадрлар тайёрлашда изчил изланишлар олиб борилишида беқиёс аҳамият касб этади.

Алишер Навоий тилимизнинг қамрови кенглиги борасида 14 та насрий асар ёзган. Улардан бир нечтаси чет тилларга таржима қилинган. Масалан, “Мажолис ун-нафоис” тазкираси рус ва форс тилларига таржима қилинган. “Муножот” асари инглиз, немис, рус, форс тилларида нашр қилинди. Айнан она тилимизда яратилиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этишга хизмат қилган бу асарлар барчамизга фахр бағишлайди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ўзбек тили ва адабиётини ривожлантириши, Ватанимиз фуқаролари, хусусан, ёшлар қалбида ғурур ҳамда ифтихор туйғуларини уйғотиши билан тарихий аҳамиятга эгадир.

Суйима ҒАНИЕВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn