Миллий ғуруримиз тимсоли
  • 18 Май 2016

Миллий ғуруримиз тимсоли

Давлатимиз раҳбарининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони халқимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги тарихий воқеадир.

Она тили ва адабиётимиз миллий ғуруримиз саналади. Маълумки, ўтмишда халқимизнинг бу бебаҳо меросини йўқотишга кўп уринишлар бўлган. Шу ҳақда сўз борар экан, ҳали тоталитар тузум ҳукмрон бўлиб турган мураккаб бир шароитда — 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини ёдга олиш мантиқан тўғри бўлур эди. Зеро, шу орқали она тилимиз ўз мавқеи ҳамда қонуний ҳимоясига эга бўлиши Мустақиллик орзуси билан яшаётган халқда эртанги кунга умид учқунларини пайдо қилди, унинг миллий ғурурини тиклади.

Бевосита Президентимиз бошчилигида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конс-титуциясида давлат тили — ўзбек тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди ҳамда мустақил юртимизнинг байроғи, герби, мадҳияси каби муқаддас тимсоллари қаторидан ўрин олди.

Ўтган чорак асрдан зиёд вақт мобайнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайиб, нуфузи сезиларли даражада ошгани барчамизга аён. Хусусан, ўзбек тилининг қўлланиш доираси ҳам, уни илмий асосда ривожлантиришга оид тадқиқотлар кўлами ҳам кенгайди. Ўзбек тили халқаро миқёсда фаол мулоқот воситасига айланаётгани яна бир эътиборли жиҳатдир. Худди шундай, ўзбек адабиёти мумтоз намуналари жаҳон илмий жамоатчилиги ҳамда китобсеварларини ўзига мафтун этиб келаётгани ҳар биримизга ифтихор бағишлайди.

Тилимиз ва адабиётимизнинг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларининг самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадга мувофиқ.

Фармонда илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ҳамда бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг асосий вазифаларидан бири -сифатида кўрсатилган.

Сир эмас, бугун ёш авлоднинг чет тилларни ўрганишга қизиқиши ҳамда интилиши ортиб бормоқда. Дейлик, бундан ўн-ўн беш йил олдин жаҳон адабиёти дурдоналарини бошқа тил орқали қилинган таржимада ўқиган бўлсак, ҳозирги пайтда фарзандларимиз бу асарларни инглиз, испан, хитой, қисқаси, аслият тилида мутолаа қилаяпти. Бир йўла икки-уч тилни биладиган ўғил-қизларимиз сафи кенгаймоқда. Ана шу ёшларимизни жалб этган ҳолда, юксак савиядаги таржимонлик мактабини шакллантириш алоҳида диққатга сазовордир. Бунинг учун навқирон авлод вакиллари, аввало, ўзбек тили жозибаси ҳамда нафислигини теран англаб, ҳис қилиши, тилшунослик қоидаларини билиши, ўзбек адабиёти ва фольклорини мукаммал эгаллаши зарур.

Она тилини улуғлаш, қадрлаш — инсон зийнати, бурчи. Асрлар бўйи сайқал топиб келаётган тилимиз ҳамда бу тилда яратилган улкан адабий мерос — миллатимизнинг кўрки ва улуғворлиги тимсоли. Аждодлар закосидан далолат берувчи маънавий мулкни асраб-авайлаш, ёш авлодни она тилимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида, юртпарвар, миллатпарвар қилиб тарбиялаш маънавий юксалишнинг муҳим омили, ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз ҳисобланади.

Бу вазифаларни бажаришда Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам ташаббускорлик, фаоллик кўрсатмоғи лозим. Бинобарин, жойларда “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, бу борада парламент назорати институтини самарали татбиқ этиш, аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш давр талабидир.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенатининг Фан, таълим, маданият 

ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn