Элу юрт ардоғидамиз
  • 18 Май 2016

Элу юрт ардоғидамиз

Ўн етти йилдан буён баҳорнинг тароватли дамларидан бирида, Хотира ва Қадрлаш кунида ўтганларни ёдга оламиз, ҳаётдагилар қадрини ўзгача меҳр билан улуғлаймиз.

Албатта, биз учун дориламон замонда қарилик гаштини суриб, тинчлик-омонлик, яхшилик ва эзгулик бардавом юртнинг бахту саодатига гувоҳ бўлиш битмас-туганмас завқу шавқ манбаидир. Шу билан бирга, насл-насабимиз, эртамиз эгаларининг иқболи нақадар баланд эканлигини кўриб, шукроналар айтамиз, дуога қўл очамиз.

Биз уруш офатини, қирғинини, таъқиб, тазйиғини, изтиробларини бошимиздан кечирдик. Она-Ватанимиз қайғуси билан ёшлигимизни ўтказдик. Фақат эртанги кунга бўлган умид бизни бало-қазолардан асраб келди.   

Шу боис ёшларга қарата “Ватанни кўз қорачиғидек асранг, ҳеч қачон биз чеккан азобларни унутманг. Шу улуғ ва азиз юрт учун умрингизни бағишланг, доим огоҳ бўлиб яшанг”, деймиз.

Бу гапларни бежиз айтаётганим йўқ. 8 май куни пойтахтимиздаги Хотира майдонида ташкил этилган тадбирда қатнашдим. Шу билан бирга, телевидение орқали Юртбошимизнинг сўзларини эшитиб, жуда -таъсирландим. Негаки, унда фахрийларни улуғлаш, қадрлаш билан бир қаторда, бугунги тинч ва осуда ҳаётни асраб-авайлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, Ватан учун, бугунги ва эртанги авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, айни пайтда сафимизда турган фахрийларга эътибор кўрсатилаётгани ибратлидир.

Бу йил тўқсон бир ёшга тўламан. Байрам арафасида уйимиздан меҳмонлар аримади. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, шогирдлар, мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари... Бир инсонга ҳурмат кўрсатиш шунчалик бўлади-да! Ҳолбуки, менга ўхшаганлар юртимизда кўплигини инобатга олсак, қан-чадан-қанча хонадонларга нур кирди, меҳр улашилди. 

Айни кунларда ҳам дунёнинг гоҳ у ерида, гоҳ бу ерида нотинчликлар юз бериб турибди. Шу боис ҳам фарзандларимизни бугунги тинчлик, осойишталикка шукрона келтириб, уни қадрлашга чорлаймиз, -Ватанни севишга, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун бутун саъй-ҳаракатини бағишлашга даъват этамиз.

Аҳмад ЖАББОРОВ,

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси,

«Эл-юрт ҳурмати» 

ордени соҳиби.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn