Қизиқарли тадбирлар, унутилмас таассуротлар
  • 17 Май 2016

Қизиқарли тадбирлар, унутилмас таассуротлар

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивали Фарғонада ҳам катта кўтаринкилик билан бошланди.

Дастлаб “Фарғона” халқаро аэропортида тарғибот гуруҳи аъзолари — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шоир ва ёзувчилар, маданият намояндалари, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, актёр ҳамда актрисалар, ёш олимлар, таниқли спортчилар тантанали равишда кутиб олинди.

Шундан сўнг “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши ва Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда фестивалнинг иш режаси, мақсад-вазифалари ҳақида сўз юритилди.

Ёшларни ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштиришга қаратилган мазкур анжуман давомида вилоятнинг барча ҳудудида йигирмага яқин акциялар доирасида 100 дан зиёд маънавий-маърифий, маданий ҳамда спорт тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Уларга жами 200 мингдан ортиқ ўғил-қизлар қамраб олинади. Фестивалнинг биринчи кунидаёқ турли лойиҳаларда 10 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этгани ушбу лойиҳага эртамиз эгаларининг қизиқиши юқори эканлигидан далолат беради.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” деб номланган акция Республика имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди. Унда таълим муассасасининг 300 дан зиёд ўқувчилари фаол қатнашди. Самимий суҳбатлар давомида тарғибот гуруҳи аъзолари коллежда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг орзу-мақсадлари билан яқиндан танишиб, ўз маслаҳатларини бердилар.

Санъаткорлар, спортчилар ҳамда фаол ёшлардан иборат яна бир гуруҳ Фарғона шаҳридаги Мурувват уйига ташриф буюрди. Бу ерда давлатимиз ғамхўрлигида тарбия топаётган болалар билан қизғин мулоқот уюштирилди.

Фестиваль доирасида Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Мен диний экстремизм ва терроризмнинг таҳдидини қандай тушунаман?” мавзуларида расмлар кўрик-танлови ўтказилди.

— Мен чизган глобус икки қисмга ажратилган. Ярмида жаҳолат қурбони бўлганларнинг аянчли ҳолатлари, қолган қисмида эса ўзбекистонлик тенгдошларимизнинг бахтли чеҳраларини тасвирлаганман, — дейди Қўштепа туманидаги “Баркамол авлод” маркази ўқувчиси Назокатхон Комилжонова. — Шундай тинч ва обод юртда вояга етаётганимдан фахрланаман.

Ёшлар симфоник оркестри ижросида уюштирилган “Баҳор нафаси” номли концерт -дастури ҳам кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Тўрт кун давом этадиган акцияда айнан навқирон авлоднинг таклифлари асосида яна бир қатор янги лойиҳалар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли асари мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган давра суҳбатлари, кино ҳамда театр санъатини -тарғиб этишга қаратилган “Кичик фильмдан — катта кинога”, “Талабалар театр студиялари” каби лойиҳалар ана шулар жумласидандир.

 

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn