Биологик ресурслар муҳофазаси
  • 17 Май 2016

Биологик ресурслар муҳофазаси

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ҳамда USAID халқаро ташкилоти -ҳамкорлигида “Устюрт платосидаги Судочье кўллар тизимининг сув-ботқоқлиқ ҳудудларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш лойиҳаси”га бағишланган амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари, лойиҳа экспертлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биохилмахилликни таъминлаш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда. Бу, айниқса, ўзига хос табиати, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бетакрор экотизими ҳамда ер ости фойдали қазилма бойликлари билан ажралиб -турадиган Устюрт минтақасида тобора яққол намоён бўлаяпти.

— Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг “2015 — 2018 йилларда Оролбўйи минтақасини тиклаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Орол ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш борасидаги чора-тадбирлар Комплекс дастури тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилаётир. Унинг асосий мақсади Судочье кўллари мисолида республикамиздаги сув-ботқоқлик ҳудудларини бошқаришнинг самарали тизимини яратишдан иборат, — дейди лойиҳа эксперти Якуб Аметов. — Кўл ҳудуди 50 минг гектардан иборат бўлиб, бу ерда 240 дан ортиқ қуш, 25 га яқин балиқ, 20 дан зиёд судралиб юрувчи, 70 дан кўпроқ ўсимлик турлари мавжуд. Шу маънода, мазкур ҳавза аҳолини балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш ва ҳудуд иқлим шароитини янада яхшилашга хизмат қилиши билан алоҳида ажралиб туради.

Семинарда, шунингдек, лойиҳа натижалари, экотизимни бошқаришда геоахборот тех-нологияларидан самарали фойдаланиш, кўлнинг биологик ресурсларини муҳофаза қилиш ишларини янада такомиллаштириш, балиқчилик хўжалиги инфратузилмасини ривожлан-тиришга оид масалалар муҳокама этилди.

Р. ОТАМУРОДОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn