Ёшлар фестивали
  • 14 Май 2016

Ёшлар фестивали

Андижон вилоятида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган мазкур анъанавий тадбир навқирон авлодни истиқлол ғояларига садоқат, Ватанга муҳаббат руҳида, юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уюштирилган фестивалда республикамизда йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Айтиш жоизки, ёшларнинг ушбу ўзига хос байрами доирасида вилоятнинг барча ҳудудида — таълим муассасалари, аҳоли дам олиш жойларида маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил қилинди. Уларда қарийб бир миллиондан зиёд йигит-қизлар қамраб олинди.

Чунончи, Бўз тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган анжуманда давлатимиз раҳбарининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк -келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобининг мазмун-моҳияти ҳақида ёшлар билан мулоқот қилинди.

Фестиваль тарғибот гуруҳи аъзолари Марҳамат туманига ташрифи чоғида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф қабрини зиёрат қилдилар. Тумандаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган “Ёшлар жонли ижро тарафдори” лойиҳаси ҳам мусиқа ихлосмандларига янада яхши кайфият бағишлади.

Булоқбоши туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Замонамиз қаҳрамонлари” деб номланган тадбир иштирокчиларга унутилмас онларни туҳфа қилди. Боиси, унда юртимиз довруғини дунёга ёйиб, халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаб келаётган ёшлар билан қизғин суҳбат уюштирилди.

Олтинкўл туманида бўлиб ўтган “Ватаним — менинг фахрим!” маънавий-маърифий лойиҳасида эса мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, ҳар бир соҳа ривожида малакали кадрларнинг ўрни ғоятда муҳим эканлиги ҳамда бу борада ёшларимиз янада чуқур ўқиб-изланишлари кераклиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Шу юртда туғилиб, камолга етаётганимдан жуда фахрланаман, — дейди мазкур таълим маскани ўқувчиси Хадича Комилова. — Ҳозиргача “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали ва бир қатор танловларда совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлдим. Яқин кунларда Италияда бўлиб ўтадиган халқаро беллашувда иштирок этиш учун пухта тайёргарлик кўрмоқдаман.

Акция доирасида Андижон шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи амфитеатрида Ёшлар симфоник оркестрининг “Баҳор нафаси” номли концерти ўтказилди.

Ёшлар фестивали “Соғлом авлод” стадионида “Мустақиллик фарзандларимиз!” номли гала-концерт билан ниҳоясига етди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.

 

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn