Интерактив солиқ хизматлари
  • 14 Май 2016

Интерактив солиқ хизматлари

аҳоли ва тадбиркорларга янада қулайлик яратмоқда

Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда ўтган йилнинг декабрь ойида имзоланиб, матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида ташкил этилган видеосеминарда ана шулар хусусида сўз юритилиши баробарида, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва кенг жамоатчилик солиқ тўловчилар учун яратилаётган қулайликлар, хусусан, янги ишга туширилган “Электрон солиқ хизматлари” портали — my.soliq.uzнинг имкониятларидан  хабардор қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Ҳудудларда ташкил қилинган студияларда 800 нафардан ортиқ киши иштирок этди.

Айтиб ўтилганидек, электрон давлат хизматлари Жанубий Корея, Япония, Франция, Бельгия каби хорижий давлатларнинг -илғор тажрибасига, шунингдек, солиқ тўловчилар томонидан берилган таклиф ва мулоҳазалар эътиборга олинган ҳолда, қайта кўриб чиқилиб, замонавий талаблар асосида такомиллаштирилди. Қолаверса, порталда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, электрон давлат хизматлари интерактив ва ахборот давлат хизматларига ажратилди. Шу билан бирга, улар йўналишига кўра, “мурожаатлар юбориш”, “солиқларни тўлаш”, “маълумотномалар олиш”, “ҳисобга қўйиш” каби гуруҳларга бўлинди. 

Бугунги кунда my.soliq.uz порталига қўмитанинг 31 электрон, жумладан, 18 та интерактив ҳамда 13 та ахборот хизмати жойлаштирилган. Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг “Шахсий кабинет”лари янада қулай кўринишга келтирилиб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ана шундай шароит жорий этилди.

Янги порталда солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ҳамда солиқ декларацияларини юбориш, расмий тушунтиришлар олиш, корхонанинг ҳисоб рақамига қўйилган инкассо топшириқномалари рўйхати билан танишиш, корхонага юборилган огоҳлантириш хабарномалари тўғрисида тезкор хабардор бўлиш, фуқароларга ҳисобланган суғурта -бадалларини кўриш каби янги имкониятлар яратилди.

Шунингдек, эндиликда тадбиркорлик субъектлари портал ёрдамида барча турдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни он-лайн тартибида тўлашлари мумкин. Бунинг учун электрон рақамли имзо калити орқали “Шахсий кабинет”га кириб, солиқ турини танлаш ҳамда тўлов суммасини кўрсатиб, “тўлаш” белгисини босиш кифоя. Шундан сўнг корхонанинг электрон тўлов топшириқномаси банкка автоматик тарзда етказилиб, ўша вақтнинг ўзида тўлов амалга оширилади. Мабодо, ҳисоб рақамида пул етарли бўлмаса, тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага жойлаштирилиб, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасига электрон хабарнома юборилади. Мазкур тўлов тизими 24 соат давомида узлуксиз ва бепул ишлайди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳозирги кунда ўз солиқларини “Шахсий кабинет” орқали тўлаш имкониятидан 110 минг-дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фойдаланиб, улар томонидан жами 882 млрд. сўмлик солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб корхона ва ташкилотлар ходимларига  мол-мулк ҳамда ер солиқларидан бўлган қарздорликлари ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини “Шахсий кабинет” орқали он-лайн тарзида  тўлаш имконияти яратилди. Бу ходимнинг аризасига мувофиқ, иш берувчи томонидан маҳаллий солиқлар битта тугмани босиш орқали бюджетга ўтказиб берилади, деганидир. Мазкур жараёнда тўловлар автоматик равишда ходимнинг шахсий карточкасига ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг реестрларини қоғоз шаклида солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди. Ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиш бепул. Ўтган қисқа муддат ичида (10 кунда) мазкур янги тизимдан 553 та юридик шахс фойдаланиб, 3 мингдан ортиқ ходимларининг 290 млн. сўм миқдоридаги ер ва мол-мулк солиқларини интернет орқали тўлаб бергани унинг тобора оммалашиб бораётганидан далолатдир.

Порталдаги яна бир янги хизмат “Фуқароларга ҳисобланган суғурта бадаллари” деб номланган бўлиб, унда иш берувчилар томонидан ҳар бир жисмоний шахс учун ҳисобланган суғурта бадаллари тўғрисидаги ахборотлар тақдим этилади. Ушбу хизмат ёрдамида жисмоний шахслар ўзига ҳисобланган суғурта бадаллари миқдорини портал орқали кўриб, назорат қилиб боради.

Интерактив хизматлар ёрдамида мустақил равишда ҳисобланган, жисмоний шахсларга тегишли бўлган мол-мулк ва ер объектлари учун солиқларни “Click”, “Mbank” ҳамда “U-Pay” тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти мавжудлиги банк ёки солиқ органларига бориш билан боғлиқ оворагарчиликлардан халос этади. Шу кунгача ушбу замонавий тўлов усулларидан 15 мингдан ортиқ солиқ тўловчилар фойдаланиб, жами 700 млн. сўмлик маҳаллий солиқлар электрон шаклда тўланди.

Қолаверса, замонавий смартфон ва планшетлар учун фойдаланишга мўлжалланган “Soliq” мобиль иловаси ёрдамида Давлат солиқ қўмитасининг 15 турдаги интерактив хизматидан тез, осон ва қулай шаклда фойдаланиш мумкин.

Республика видеосеминарида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакилларининг саволларига мутасадди ходимлар батафсил жавоб беришди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ўзбек аёлиман Ёшлар фестивали »