Ўзбек аёлиман
  • 14 Май 2016

Ўзбек аёлиман

Бу менинг ғурурим. Мен оддий ўзбек аёлиман. Яқинда Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобини мароқ билан ўқиб чиқдим.

 Асардаги “Ободлик кўнгилдан бошланади”, “Кексалар хонадонларимизнинг файзу фариштаси”, “Замонавий раҳбар доимо олдинга интилиб яшаши керак”, “Аёл бахти — жамият бахти”, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, “Халқимизга тинчлик ва омонлик керак” бўлимларида давлатимиз раҳбарининг биз ҳамда фарзандларимиз учун қанчалик қайғуришини, оналарнинг юрагида яширин орзу-истакларни, тилакларни нақадар теран ҳис қилиб ифода этганларини сўз билан таърифлаш қийин.

Менинг тўрт нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим хасталикка чалиниб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Ҳаёт тасодифларга тўла экан, мен ҳам 2011 йилда автоҳалокат туфайли тўшакка михландим. Ота-она ногирон. Фарзандлар балоғат остонасида. Ўша йили қизим Муниса Ўзбекистон Миллий университетининг “Инглиз филологияси” йўналиши бўйича, ўғлим Нуршод Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги 1-академик лицейга ўқишга кирган, яна икки фарзандим мактабни битириш арафасида эди. Айримлар “Қизларингни турмушга бер, ўғлинг ишласин ёки хорижий давлатга меҳнат қилишга юбор”, деб маслаҳат беришди.

Иқтидорли, билимли болаларимни чет давлатга юборишни асло хоҳламадим. Бу вақт оралиғида оёққа турдим. Юртбошимизнинг эътибори, ғамхўрлиги, давлатимизда истеъдодли ёшларга яратилган шарт-шароитлар туфайли ҳозир қизим Муниса тўртинчи босқич талабаси, ўғлим Нуршод Тошкент ахборот технологиялари университетида грант асосида биринчи босқичда, қизим Нафиса ва ўғлим Шаҳзод Қарши тиббиёт коллежида ўқимоқда. Улар замонавий жиҳозланган аудиторияларда бепул таҳсил олишаяпти, ҳамма шароитлар яратилган талабалар тураржойида яшашмоқда, имтиёзли стипендияларга муносиб кўрилган.

Фарзандларим билан гаплашганда, “Биз озод ҳамда обод Ватанда гўзал ва ширин ҳаёт кечираяпмиз. Шу юртни деб яшанг, сизларга билдирилган ишончни оқланг, бу кунларнинг ўзи келмаган, дўстларингиз билан мамлакатнинг -мустаҳкам қўрғонига айланинг”, дея насиҳат қилишдан ҳеч қачон чарчамайман.

 

Гулбаҳор ХОНИМОВА.

Қамаши тумани.  

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn