Муносиблар сайланмоқда
  • 13 Май 2016

Муносиблар сайланмоқда

Хабарингиз бор, мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайлови ошкоралик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтказилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайлови қизғин давом этаяпти. Фуқаролар ўз маҳалладошлари орасидан обрў-эътиборли, кўпчиликни эзгу ишларга йўналтира оладиган кишиларни муқобиллик асосида маҳалла раиси ва унинг маслаҳатчиси қилиб сайламоқда. Бу аслида демократиянинг ёрқин кўринишидир. Айтиш жоизки, жойларда ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида амалга оширилган тайёргарлик жараёнлари бу борада қўл келаётир. Ҳудудда мавжуд 882 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органида раис ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимларига муқобиллик асосида бир нечта-

дан номзодлар кўрсатилди. Очиқлик ва ошкоралик шароитида бўлиб ўтаётган сайловларда фуқаролар вакиллари уларнинг муносибларига овоз бераяпти. Ҳозирги кунгача 200 га яқин фуқаролар йиғинида сайлов юқори савияда ўтказилди.

Уйчи туманининг Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида 5326 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, маҳалла ҳар томонлама чирой очди. Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар ҳам барчага маъқул тушмоқда. Маҳалладошлар йиғин раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари сайлови билан боғлиқ тадбирларда ҳам фаол қатнашди. Хусусан, кўчалар ва ҳовлилардан кўрсатилган 104 нафар вакил сайлов ўтадиган жойга эрталабдан жам бўлди. Сайловда ишчи гуруҳ томонидан маҳалла раислигига Розия Абдуллаева ҳамда Дилбархон Умрзоқованинг номзодлари тавсия этилди. Ҳар икки номзод йиғилганлар ҳузурида ўзларининг келгуси фаолият дастурларини баён қилди. Саноқ комиссияси уларга -берилган овозларни ҳисоблаб чиқди. Пировардида вакилларнинг 82 нафари ёки 85 фоизи Д. Умрзоқовани ёқлаб овоз бергани маълум бўлди.

— Маҳалладошларимнинг юксак ишончи фаолият дастуримда кўзда тутилган вазифалар ижросига қанот бағишлайди, — дейди у. — Шу ўринда айтиш керакки, уларнинг қўллаб-қувватлаши билан ўтган икки ярим йилда анчагина юмушларни бажардик. Олдинда турган вазифалар эса ундан-да бисёр. Ана шу эзгу ишлар рўёбида ҳам янги сайланган 8 нафар маслаҳатчи ва маҳалла фаолларининг кўмагига таянамиз.

Тўрақўрғон туманидаги “Шовон” маҳалласида ўтказилган сайловда ҳудудда истиқомат қилаётган 3200 нафардан зиёд фуқаро номидан келган 68 нафар вакил йиғин раислигига кўрсатилган уч нафар номзоднинг дастурини диққат билан тинглаб, ўз муносабатини билдирди. Уларга, айниқса, ўайбулла Мамадалиевнинг ҳудудда маънавий-маърифий ишлар изчиллигини таъминлаш, оилалар, хусусан, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллани янада ободонлаштириш ҳамда бошқа қатор вазифаларни ўз ичига олган дастури кўпроқ маъқул тушди. Шундан келиб чиқиб, вакилларнинг 60 нафари уни ёқлаб овоз берди. Сайловнинг кейинги қисмида маслаҳатчиларни танлаш масаласи кўрилди. Муқобиллик асосида кўрсатилган 16 номзоддан 8 нафари маҳалла раисининг маслаҳатчилари лавозимига сайланди.

— Маҳалла аҳли фаоллик кўрсатиб, ўзлари истаган номзодга овоз берди, — дейди сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Тўрақўрғон тумани комиссияси раиси ўринбосари Мақсуда Бегматова. — Бундан сайлов демократия талаблари асосида ташкил этилгани яққол кўриниб турибди. Бошқа жиҳати, аҳолининг ўз маҳалласи ҳамда унинг бошқаруви билан боғлиқ масъулияти ортаяпти. Айтиш мумкинки, улар сайлаган раис ва унинг маслаҳатчилари юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга маҳаллани бундан-да обод ҳамда саранжом-саришта масканга айлантириш орқали муносиб ҳисса қўшадилар.

Сурхондарё вилояти бўйича 832 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 8400 нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 23 та фуқаролар йиғинида сайлов юқори даражада ташкиллаштирилди. Жумладан, Бойсун туманидаги “Тузбозор” маҳалла фуқаролар йиғинида намунали тарзда ўтган сайловда туман кўмаклашувчи комиссияси ҳамда бошқа фуқаролар йиғинларидаги ишчи гуруҳлар аъзолари қатнашди.

Мазкур маҳалла раислигига 2 нафар номзод кўрсатилган бўлиб, улар сайловчиларнинг 133 нафар вакилига ўзларининг келгуси фаолият дастурларини ўқиб эшиттирди. Ошкоралик ва очиқ овоз бериш йўли билан ўтган сайловда фуқаролар вакилларининг 60 фоиз овозини тўплаган Тангриқул Бўриев маҳалла раислигига сайланди.

— Маҳалламиз аҳли Тангриқул Бўриевга юксак ишонч билдирди, — дейди ушбу маҳалла фаолларидан бири Ҳаким Пўлатов. — У ишчан, меҳнатсевар инсон. Сайловгача тумандаги “Баркамол авлод” болалар маркази директори ўринбосари ҳамда ушбу масканнинг журналистика тўгараги раҳбари сифатида фаолият юритди. Унинг дастуридан ёшларни зарарли таъсирлардан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва яна бир қатор долзарб вазифалар ўрин олганлиги кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Албатта, янги сайланган раис ҳамда маслаҳатчилар ва маҳалламиз фаоллари юртимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшадилар.

Термиз шаҳрининг “Ораста” маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайлов ҳам демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилди. Салкам 4 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини раислигига 3 нафар номзод кўрсатилган бўлиб, улар келгуси фаолият дастурлари билан 130 нафарга яқин вакилни таништиришди. Учала номзод дастурида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини касаначилик асосида таъминлаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ободонлаштириш ишларини жадал олиб бориш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилган. Табиийки, сайловчилар улардан энг муносибига овоз берди.

— Ҳудуд аҳолиси маҳалла раислигига ҳар томонлама лойиқ, ташаббускор инсонларни яхши билади, — дейди сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Термиз шаҳар комиссияси раиси ўринбосари Робия Каттаева. — Сайловда 2004 йилдан буён маҳалла -раиси бўлиб ишлаб келаётган Чори Пундиев 89 фоиз овоз тўплаб, раисликка қайта сайланди. Шунингдек, ўша куни 9 нафар раис маслаҳатчиси муқобиллик асосида сайланди.

Жиззах вилоятида ҳам фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловига пухта тайёргарлик кўрилгани ушбу ижтимоий-сиёсий тадбирни уюшқоқлик -билан ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу 304 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 3000 нафардан ортиқ маслаҳатчилари лавозимларига энг муносибларни сайлашда ҳам асқатади, албатта.

Таъкидлаш ўринлики, жорий сайлов давлат ҳамда жамият қурилишининг барча жабҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари чуқурлашиб бораётган бир шароитда бўлиб ўтмоқда. Буни Зомин туманининг “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайлов жараёни мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раислигига номзод қилиб кўрсатилган Зоир Йўлдошев ҳамда Маҳмуд Ҳазратқуловнинг келгуси фаолият дастури эшитилди. Улар маҳаллани ободонлаштириш, ҳудудда бунёдкорлик ишларини кучайтириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва бошқа кўплаб масалаларга катта эътибор қаратган. Бу сайловчилар вакилларининг қизиқишига сабаб бўлди. Айниқса, М. Ҳазратқуловнинг дастурида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тўй-маросимларни ихчам, камхарж ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор берилгани сайловчиларга кўпроқ маъқул келди. Шу боис у маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

— Бу галги сайлов ҳам ошкоралик ҳамда адолат мезонлари асосида ўтди, — дейди маҳалладаги ишчи гуруҳ раҳбари Амир Абдураҳмонов. — Ҳудуддаги 2025 нафар сайловчининг 65 нафарга яқин вакиллари сайловда фаол иштирок этди.

Ҳозирги пайтгача вилоятдаги 23 та фуқаролар йиғинида сайлов юқори савияда бўлиб ўтди. Эътиборлиси шуки, ушбу фуқаролар йиғинларида раисларнинг 52 фоизи, 232 нафар маслаҳатчининг 59 фоизи биринчи марта сайланди.

— Фуқаролар йиғини раислиги — масъулиятли вазифа, — дейди Жиззах туманидаги -“Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланган Нажмиддин Ўролов. — Энди икки ярим йил давомида ҳудудни янада ободонлаштириш, маҳалладошларимизнинг орзу-интилишлари рўёби йўлида астойдил меҳнат қиламиз. Бу келгуси фаолият дастуримизда ҳам алоҳида кўрсатилган. Албатта, ушбу вазифаларни бажаришда янги сайланган маслаҳатчилар ва фаолларимизнинг кўмагига таянамиз.

Мамлакатимиз бўйлаб фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари -сайлови юқори савияда давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn