Фаровон ва осуда ҳаётимиз асоси
  • 13 Май 2016

Фаровон ва осуда ҳаётимиз асоси

Юртимизда ёши улуғ инсонлар — нуроний отахону онахонларимизга иззат-икром, эҳтиром кўрсатиш, айниқса, жамиятимизда тинчлик, тотувлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган кекса авлод вакилларини, уруш ҳамда меҳнат фахрийларини қадрлаш билан боғлиқ зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилган.

Бинобарин, бугунги осойишта ҳаёт, фаровонлик ўз-ўзидан келмагани, бу ёруғ -кунларга етишда аждодларимизнинг орзу-интилишлари, фидокорона меҳнатлари -мужассам эканини юракдан ҳис этамиз.

Дарҳақиқат, бу ҳақда гап кетганда, дунёда тобора кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликлар, экстремизм, терроризм каби тинчлик ҳамда барқарорликка хавф туғдираётган хатарлар халқимизнинг хавотирига сабаб бўлиши табиий. Президентимиз Хотира ва Қадрлаш куни арафасида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатда таъкидлаганидек, бундай мураккаб ҳамда таҳликали вазият, бошимиздан кечираётган шиддатли замон, сўзсиз, барчамиздан доимо сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимизни талаб қилмоқда.

Шу боис юртимизда хавфсизликни мустаҳкамлаш, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида зарур чораларни амалга ошириш бугун айни заруратдир.

Шу ўринда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганлигини қайд этиш жоиз. Мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, барқарорлик ҳамда фаровонлик йўлидаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, тобора кескин тус олаётган юқоридаги каби хавфу хатарларга барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш, албатта, биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Юртбошимиз халқаро майдонда Ўзбекистонимизнинг обрў-эътибори ошиб бораётганининг ҳал қилувчи мезони ва омили, аввало, меҳнатсевар, мард ва матонатли халқимизнинг юксалиб бораётган дунёқараши, онгу тафаккури, сиёсий ва ижтимоий фаоллиги, ҳаётга қараши тобора ўзгариб бораётганида, дея фикр билдирди. Дарҳақиқат, она-Ватанимизда дунёнинг энг илғор халқлари ўрганса арзийдиган анъаналар шаклланган.

Шу анъаналарга таяниб миллий давлатчилигимизга асос солинди. Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда тинчлик-осойиш-талик, ҳамжиҳатлик ҳамда бағрикенглик мустаҳкам қарор топди.

Шу маънода, навқирон авлодни республикамизда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, улар қалбида юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Зеро, мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ҳамда касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз мамлакати, халқига фидойи бўлган ёшлар Ватанимизни янада обод қилишга, унинг тараққиётига, бундан-да гуллаб-яшнашига муносиб улуш қўшадилар.

Тўлқин КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn