Тезкор ахборот технологиялари
Версия для печати
  • 13 Май 2016

Тезкор ахборот технологиялари

тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши гаровидир

Пойтахтимизда “DaVinci Solutions” консалтинг компанияси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида “Инсон ресурсларини бошқариш ва кадрларни саралашда инновация ва ахборот технологияларининг ўрни” мавзуида конференция ташкил этилди.

Унда бизнес соҳаси вакиллари, давлат муассасалари, акциядорлик жамиятлари раҳбар ҳамда ходимлари, бизнес-консультантлар, чет эллик экспертлар, топ-менежерлар қатнашди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, бизнесни бошқаришнинг замонавий усуллари амалиётга кенг татбиқ қилинмоқда. Бунда Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.

— Юртимизда биз, тадбиркорларнинг самарали фаолият юритишимиз учун барча имконият мавжуд, — дейди Тошкентдаги “Dekos” компанияси раҳбари Ҳасан Мамасаидов. — Шу билан бирга, рақобатга асосланган бозор иқтисодиёти шароити -бизнесменлардан инсон ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда кадрларни танлашга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этаяпти. Тадбирда соҳанинг тажрибали вакиллари томонидан уюштирилган машғулотларда бу борадаги билимларимизни янада оширишга эришдик.

Икки кун давом этган анжуман доирасида етакчи хорижий компанияларнинг мутахассислари томонидан кадрларни бошқаришга доир ноёб лойиҳалар намойиш қилинди. Шунингдек, рекрутёрлар, ходимлар билан ишловчи менежерлар ҳамда бизнес эгалари учун амалий машғулотлар ўтказилиб, энг сўнгги инновацияларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn