Ким эдигу ким бўлдик?
  • 12 Май 2016

Ким эдигу ким бўлдик?

Сурхондарёда мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишланган “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзуида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур акцияда шоир ҳамда ёзувчилар, олимлар, маданият ва санъат намояндаларидан иборат гуруҳлар вилоятнинг туман ҳамда шаҳарларида бўлиб, турли учрашувлар ўтказишди.

Юзма-юз мулоқотлар чоғида истиқлол йилларида юртимизда эришилган муваффақиятлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳамда ёш авлод камолоти йўлида яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз борди.

Анжуман доирасида “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?”, шунингдек, “Кеча ва бугун”, “Ибратли йўл” фотокўргазмалари, республикамиздаги тинчлик-тотувлик, барча соҳада юз бераётган ўзгаришу янгиланишлар акс эттирилган фильмлар ҳам намойиш қилинди.

— Мазкур тадбирларда сурхондарёлик ёшлар фаол қатнашди, — дейди Термиз давлат университети ахборот-ресурс маркази директори Дилафрўз Мустафоқулова. — Зеро, бундай фестивалларнинг ўтказилиши навқирон авлод вакиллари қалбида Ватанга муҳаббат, меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш баробарида, дахлдорлик ҳиссини янада кучайтиради.

Вилоят туман ва шаҳарларида ўтказилган тадбирлар ҳамда таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари воҳа ёшларида катта таассурот қолдирди.

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn