Ишбилармонлар имкониятлари кенгаймоқда
  • 12 Май 2016

Ишбилармонлар имкониятлари кенгаймоқда

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида жаҳон бозорларида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги шароитда экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, айни пайтда ноқулай ташқи иқтисодий конъюнктура, халқаро бозорларда талабнинг пасайгани ва рақобатнинг кескинлашуви экспорт ҳажмини ошириш учун мавжуд имкониятлардан мақбул даражада фойдаланишни талаб қилмоқда.

Қувонарлиси, юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли бу борада муайян самарадорликка эришилаяпти. Жорий йилга келиб, республикамиз корхоналари томонидан чет элларда очилган савдо уйлари сони 914 тага етказилгани ва бу жараён изчил давом эттирилаётгани ана шундан далолат беради. Қўлга киритилаётган ютуқларнинг яна бир омили шундаки, юртимизда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимидаги “Ўзтадбиркорэкспорт”, “Ўзсаноатэкспорт” ташқи савдо компаниялари, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўзстандарт” агентлиги қошидаги Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси сингари ташкилотлар фаолият юритаяпти. Уларнинг ёрдами билан ҳозирги пайтгача 2227 та корхонада халқаро стандартларга мос сифатни бошқариш тизими жорий қилиниб, 2323 та мувофиқлик сертификати қўлга киритилган бўлса, жорий йилда бундай корхоналар сафи яна 752 та, 2017 йилга бориб эса, қўшимча 470 та экспортчи корхона билан тўлдирилади.

Бундан ташқари, ҳозирги жадал тараққиёт ҳамда глобаллашув жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, республикамизнинг Иқтисодиёт вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва ташкилотларида расмий веб-сайтлар яратилган. Улар орқали тадбиркорлик субъектларига тезкор интерактив хизматлар кўрсатилаётир. Пировардида www.ite-uzbekistan.uz сайтида вазирлик хабарига таяниб эълон қилинган маълумотларга қараганда, кейинги 10 йилда мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳажми 400 минг тоннадан 700 минг тоннага етказилган. Айни чоғда маҳсулот турлари кўпайиши ҳисобига экспорт қиймати 18 баробар ортган. 

Шу билан бирга, серқуёш заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда қайта ишланган озиқ-овқат товарларининг дунё бозорида харидоргирлиги ортиб бораётгани диққатга сазовордир.  Ўтган йили республикамиз бўйича жами 1,2 миллиард АҚШ долларилик 592 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари хориж бозорларида сотилгани, бу йил эса мазкур кўрсаткични 3 миллиард долларга етказиш мўлжалланаётгани ана шундан далолат беради.

Кейинги йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш географияси ҳам тобора кенгаяётгани қувонарлидир. Жумладан, илгари бундай товарлар фақат МДҲ мамлакатларига сотилган бўлса, эндиликда деҳқонларимиз меҳнати маҳсулидан Таиланд, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Кипр, Македония, Чили, Япония, Словакия, Канада, Болгария ва АҚШ каби давлатлар истеъмолчилари ҳам баҳраманд бўлишаяпти. Жорий йилда улар сафига Норвегия, Польша, Афғонистон, Бельгия, Эрон сингари мамлакатлар ҳам қўшилади. Бу тадбиркорларимиз ўз маҳсулотларини жаҳон тажрибаларига таянган ҳолда, халқаро стандартлар талаблари асосида ишлаб чиқаришга интилаётгани натижасидир, албатта.

Дунё бозорига чиқишда, шунингдек, маҳаллий ва халқаро миқёсда ташкил қилинаётган турли анжуманлар, кўргазма ҳамда форумлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айтайлик, Германия пойтахти Берлинда анъанавий тарзда ўтказиладиган энг йирик анжуман — “Green Week” халқаро қишлоқ хўжалиги ярмаркасида бултур Ўзбекистондан 1600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қатнашиб, якунда Европа минтақасига 130 миллион долларликдан зиёд мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузишга муваффақ бўлгани бунинг яққол тасдиғидир. Яна бир эътиборга молик жиҳати, бунинг учун шарт-шароитлар кенгайтирилиб, ҳуқуқий ва ташкилий асослар янада мустаҳкамланмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг яқинда матбуотда эълон қилинган “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Сабаби, ушбу ҳужжатда қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорининг мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини барқарор қондириш баробарида, уларни ташқи бозорларга сотиш ҳажмини оширишга қаратилган кўплаб устувор вазифалар белгилаб берилди.

Демак, юртимиз ишбилармонлари бундан кейин ҳам ишончли ҳамкор сифатида жаҳон бозорига дадил кириб бориб, Ўзбекистоннинг экспортчи давлатлар орасидан мустаҳкам ўрин эгаллашига муносиб ҳисса қўшаверади. Зеро, ишлаб чиқарувчиларга қулай шарт-шароит ва имконият яратилган жойда барқарор ривожланиш бардавом бўлиб, юқори самарадорликка эришилиши муқаррардир. 

Икром АҲМЕДОВ,

иқтисод фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn