Тинчликнинг қадри бебаҳо
  • 11 Май 2016

Тинчликнинг қадри бебаҳо

Инсоннинг энг олий, муқаддас мақсадларидан бири тинч-осойишта ҳаёт кечиришдир. Мустақиллик йилларида фуқароларимизнинг фаровон турмуш тарзини таъминлашга хизмат қиладиган ва уларнинг манфаатлари муҳофазасининг қонуний асослари яратилди. Мамлакатимизда осудалик, ҳамжиҳатлик ҳамда бағрикенглик мустаҳкам қарор топди.

Эркин ва озод, тинч ҳамда бахтли-саодатли ҳаёт қадрини, мустақиллик берган имкониятларни чуқур англаш, инсон манфаатлари устуворлигига эришиш юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. Бу эзгу ғояни ҳаётимизга кенг жорий этишда, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбия-лашда давлатимиз раҳбарининг Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимиздаги Хотира майдонида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан қилган суҳбатининг кучи ҳамда таъсири ниҳоятда беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш зарур. Бинобарин, қайд этилганидек, инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан тирик ва барҳаётдир. Ўтганларнинг хотирасини эсга олиш, уларнинг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш халқимизга хос азалий қадрият бўлиб келмоқда.

Дарҳақиқат, ўтган даврда аждодларимизнинг эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш юқори босқичга кўтарилиб, бу борада аниқ чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилаётир. Бу эса юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати нечоғли юксак қадрланаётганидан, нуронийларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганидан далолат беради.

Бугун дунёда кузатилаётган турли воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар биргина ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор, деган одам адашади. Ён-атрофимиздаги геосиёсий жараёнлар, диний экстремизм, терроризм, наркобизнес, миллатлараро низолар бутун инсониятга катта хавф туғдирмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундай мураккаб ва таҳликали вазият, бошимиздан кечираётган шиддатли замон, сўзсиз, барчамиздан сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимизни талаб қилмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон халқаро миқёсда тинчликпарвар сиёсат олиб бораяпти, турли ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё минтақаси ядро қуролидан холи ҳудуд, деб эълон қилинди. Айни чоғда Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида ўзига хос принципиал ёндашувга эга мамлакат сифатида эътироф этилаяпти.

Ўзбекистон дунёнинг барча мамлакатлари билан муносабатларда доимо очиқ, дўстона ҳамда прагматик сиёсат юритиш тарафдори бўлиб келган. Минтақадаги барча долзарб сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ҳамда халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишининг тарафдори ҳамдир. Шунинг ўзи давлатимиз тинчлик, тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик тамойилларига ҳамиша содиқлигини англатади. Мазкур масала парламентимиз аъзоларининг доимий диққат-эътиборида бўлиб, биз, депутатларга соҳага доир ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, тегишли давлат дастурлари ва қонунларнинг ижроси устидан парламент назоратини самарали олиб бориш каби йўналишлар бўйича ҳам катта вазифалар юклайди.

Бинобарин, шу кунларда республикамиз барча ҳудудида депутатлар ёшлар иштирокида “Тинчлик, осойишталик ва барқарорлик — жамият тараққиётининг муҳим омили” мавзуида туркум давра суҳбатлари, семинарлар ўтказишмоқда. Унда қатнашаётган фаол ёшларга ушбу бебаҳо неъматнинг инсон ҳаётида нечоғли муҳим ўрин тутиши тушунтирилиб, ҳамиша огоҳ ҳамда ҳушёр бўлишлари, ташқи таъсирларга берилмасдан ўқиб-ўрганишлари зарурлиги уқтирилмоқда ва таълим олишлари учун яратилаётган барча шарт-шароит тўғрисида, тенгқурларининг муваффақиятлари ҳақида маълумотлар берилаётир.

Албатта, бу замонавий билим ҳамда касб-ҳунарларга эга бўлган, янгича, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш авлодни тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn