Озод ва обод Ватанни асраш туйғуси 
  • 11 Май 2016

Озод ва обод Ватанни асраш туйғуси 

Тарих — бу ўзликни англаш ва хотира демак. Ҳар бир халқнинг, миллатнинг жаҳон майдонидаги мавқеини ҳамда келажагини белгилашда, сўзсиз, унинг алоҳида ўрни бор. Зеро, бу ўтмиш воқеликларидан хулоса чиқарган ҳолда, муносиб яшашга ундайди.

Юртимизда ҳар йили 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида юксак савияда нишонланади. Жойларда ўтказиладиган кенг миқёсли тадбирларда ўтган асрнинг инсониятга чексиз талафот етказган, миллионлаб одамлар ҳалокатига, аёллар ҳамда болаларнинг уқубатда яшашига сабаб бўлган қонли саҳифаси — Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиз хотирланади. Ўша давр машаққатларини сабот билан енгиб, бугунги дориламон кунларимиз учун курашган, айни дамда элу юрт ардоғида умргузаронлик қилаётган кекса авлод вакилларига юксак ҳурмат, эҳтиром кўрсатилади, инсон қадр-қиммати янада улуғланади. Бинобарин, моҳияти ва аҳамиятига кўра тарих билан чамбарчас боғлиқ бу айём ўтганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, қарияларни эъзозлашдек халқимизга хос азалий қадриятларни ўзида мужассамлаштирган.

Шу кунларда шаҳару қишлоқларимизда байрам шукуҳи давом этмоқда. Сана муносабати билан учрашув ҳамда маърифий-бадиий кечалар ўтказилаяпти. Ёши улуғ инсонлар хонадони эса навқирон авлод ва жамоатчилик вакиллари билан гавжум. Эътиборлиси, мазкур тадбирларда ўтмиш сабоқларидан сўз юритилаётир, фаровон ҳамда бахтли ҳаётимиз, мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги бунёдкорлик ва янгиланиш, ёшлар камолоти буюк неъмат — тинчлик туфайли экани такрор-такрор айтилмоқда. Президентимизнинг Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимиздаги Хотира майдонида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда айтган фикр-мулоҳазаларига ёшу кекса ўз муносабатини билдирмоқда.

Дарҳақиқат, Хотира ва Қадрлаш кунини нишонлар эканмиз, Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба бизнинг халқимиз учун ҳам нақадар қимматга тушгани, мудҳиш қирғинларда қанча қурбон ҳамда йўқотишлар берилганини, қанчадан-қанча етим-есирларнинг оҳу фарёди, азоб-уқубатларини яна бир карра чуқур ҳис қиламиз. Юртбошимиз эътироф этганидек, бу қутлуғ айёмни, бир томондан, катта ғурур ва ифтихор билан, иккинчи томондан, кўзда ёш билан кутиб оламиз.

Уруш бошланган пайтда 6,5 миллион нафарга яқин аҳолимизнинг қурол кўтаришга қурби етадиган 1,5 миллиони жангларда қатнашгани, уларнинг 500 мингдан кўпроғи ҳалок бўлгани, қанчаси бедарак кетиб, яна қанчаси майиб-мажруҳ ҳолда қайтгани ҳаммамизга яхши маълум. Шунинг баробарида, фронт ортида кунни тунга улаб меҳнат қилган юз минглаб ватандошларимиз чеккан заҳматларни, ўзи емай, ўзи киймай, топган насибасини жанггоҳларга жўнатиб, кўрсатган фидойиликларини ёддан чиқариб бўлмайди.

Ўзбек халқининг бағрикенглиги, олижаноблиги ўша йилларда яққол намоён бўлди. Уруш бўлаётган жойлардан ота-онасиз ва қаровсиз қолган бир миллионга яқин ёш болалар, аёллар ҳамда қарияларни бағрига олиб, охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди.

Иккинчи жаҳон урушида мана шундай жасорат, матонат ва мардлик кўрсатган, юксак инсонпарварлик фазилатлари билан эзгулик йўлида собитқадам халқимиз учун тинчлик ҳамда омонлик ҳамиша устувор аҳамиятга эга. Ваҳолонки, дунёда экстремизм, терроризм деб аталмиш хатарлар кучайиб бораётган, ўзаро қарама-қаршиликлар кескинлашган, узоқ ва яқин атрофимизда одамлар, болалар осойишта кун орзуси билан яшаётган бугунги даврда осойишталик ҳамда барқарорликни асраш энг муҳим вазифага айланган. Давлатимиз раҳбари журналистлар билан суҳбатда айни шу масалага алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас, албатта. Таъкидланганидек, бугунги вазият давлатимиздан, жамиятимиздан хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаблари асосида зарур чораларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Мана шундай жараёнда биз, парламент аъзолари, хусусан, сенаторлардан юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат муҳитини барқарор сақлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, қонунлар ижроси юзасидан парламент назоратини самарали олиб бориш талаб этилади. Шунинг баробарида, мустақил давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида эришилаётган ютуқларни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, улар қалби ҳамда онгу шуурида ватанпарварликни, миллий қадриятларга садоқат туйғуларини кучайтириш айни заруратдир. Зеро, тинчликни, озод ва обод Ватанни кўз қорачиғидек асраш барчамизнинг фарзандлик бурчимиз ҳисобланади.

Ботир МАТМУРОТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва

 суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn