Ёшлар — она юрт хизматида
  • 11 Май 2016

Ёшлар — она юрт хизматида

Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Наманган вилояти ҳокимлиги, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида келажагимиз эгаларини ягона мақсад сари бирлаштиришни кўзлаб ташкил этилган мазкур анжуман тадбирларида уч юз мингдан зиёд ўғил-қизлар қатнашди.

Айтиш жоизки, фестиваль Ҳаракатнинг энг йирик тарғибот лойиҳаси сифатида барча туман ва шаҳар, чекка қишлоқ ҳамда маҳаллаларда ўтказилиб, унинг нуфузи йилдан-йилга юксалиб бормоқда. Авваллари анжуман доирасида 10 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган бўлса, жорий йилга келиб, ёшларнинг таклифлари асосида улар сони 18 тага етказилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ва санъат намояндалари, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, актёрлар, ёш олимлар, давлат мукофотлари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари, шоирлар, ёзувчилар ҳамда спортчилардан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида жойларда бири-биридан қизиқарли мулоқот ва учрашувлар ўтказилди.

Уларда мамлакатимизда ёшларга оид амалга оширилаётган давлат сиёсати ҳамда унинг самаралари алоҳида таъкидланди.

Ушбу акция билими, куч ва қобилияти билан она-юрт равнақига ҳисса қўшаётган йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бораётганини кўрсатди.

— Навқирон авлодга қаратилаётган бундай улкан эътибор бизни янгидан-янги марралар сари чорлайди, — дейди Наманган педагогика коллежи ўқувчиси Малика Эгамбердиева. — Фестиваль доирасида уюштирилган тадбирларда қатнашиб, бу эътиборга амалий иши билан жавоб қайтараётган йигит-қизлар орамизда жуда-жуда кўп эканлигига амин бўлдик. Зеро, иқтидорли ёшлар томонидан таклиф қилинаётган ғояларнинг ҳар бири тараққиётга қанот бўлиши билан аҳамиятлидир. Ўзим “Менинг бизнес ғоям” республика танловида ёдгорлик буюмлари ясашга йўналтирилган лойиҳам билан иштирок этиб, якунловчи босқичга йўлланма олдим. Коллежни битиргандан сўнг лойиҳани рўёбга чиқариш орқали қатор тенгдошларим учун янги иш ўринлари яратишни кўзлаб турибман.

Тадбирлар доирасида таълим муассасалари, маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли дам олиш масканлари, жамоат жойлари, спорт майдонлари, маҳаллалар қамраб олинди. Масалан, Поп туманида Хотира ва Қадрлаш куни арафасида ташкил қилинган “Нуронийлар эъзозимизда” деб номланган учрашув кўпчиликнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши, шубҳасиз. Негаки, унинг иштирокчилари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмонали Худойбергановнинг хонадонига гулдаста ҳамда байрам туҳфалари билан кириб бориб, табаррук ёшдаги отахоннинг хотиралари, ўгитларидан баҳраманд бўлдилар. 103 ёшли Хайринисо момо билан суҳбат ҳам ҳаяжонли кечди. Онахон йигит-қизларга бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш, яратилган шарт-шароитларга муносиб авлод сифатида тарбия топишлари зарурлигини уқтирди.

Чуст шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган “Ватаним — менинг фахрим”, Тўрақўрғондаги “Ширинлик” маданият саройида ташкил этилган “Ёшлар — жонли ижро тарафдори”, Поп туманидаги ҳарбий қисмда ўтказилган “Ватанимга хизмат қиламан”, Мингбулоқ туманида уюштирилган “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” сингари лойиҳаларда ҳам ёшлар фаол қатнашдилар. Бир қатор таълим муассасаларидаги “Кичик фильмдан — катта кинога” акциясида бадиий ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилди. Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театрида Қорақалпоқ давлат университети “Жайҳун” театр-студиясининг ҳаваскорлари ижросидаги “Тебранмас юраклар” спектакли огоҳлик ҳамда ҳушёрликка даъват қилувчи асар сифатида барчага маъқул тушди.

— Ёшлик ва шижоат байрамига айланган фестиваль янгидан-янги иқтидорларни кашф этаётганини таъкидлаш ўринлидир, — дейди тарғибот гуруҳи аъзоси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Меҳриноз Аббосова. — Жумладан, учрашув ҳамда мулоқотлар чоғида 50 дан зиёд ёшларнинг шеърий машқлари тингланиб, уларнинг ижод намуналари алоҳида тўплам ҳолида чоп қилинадиган бўлди.

Фестиваль Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” марказий стадионида ташкил этилган гала-концерт билан якунланди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров сўзга чиқди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn