Улар бизнинг ғуруримиз
  • 10 Май 2016

Улар бизнинг ғуруримиз

Ҳар тонг янги кунни қарши олар эканмиз, яна бир тинчлик-хотиржамлик дамларига гувоҳ бўлаётганимиздан қувониб, бунга етказгани учун шукрона айтамиз. Ахир дунёнинг қайсидир давлатида табиий офатлар авж олган, бошқа жойда урушлар давом этаётган бир пайтда юртимиздаги ободлик, фаровонликдан завқланиб, яратувчанлик ишқи билан ёниб яшаш катта бахт-да!

Биз мана шу заминда туғилганимиз, унинг келажаги учун хизмат қилаётганимиз, фарзандларимизга мерос қолдираётганимиздан миннатдор бўлишимиз керак. Зеро, чақалоқдан тортиб, кексаларгача бирдек эътибор қаратиладиган, уларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган бундай давлат яна қайда бор?!

Атрофга разм солинг: ҳар қадамда қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Таълим, фан, саломатлик, спорт, қўйингки, биз ютуқларга эришмаган, жаҳон майдонида бўй кўрсатмаган соҳанинг ўзи қолмади ҳисоб. Буларнинг барчаси тинчлигимиз мевасидир. Мана шундай осуда ҳаётимизни орзу қилган, унинг учун жанггоҳларда ёв билан олишган, керак бўлса, ўзини фидо қилганларга ҳар қанча таъзим бажо келтирсак, арзийди.

1941 — 1945 йиллардаги қирғинбарот жангларда Андижондан 97500 нафар йигит қатнашган. Бугунги кунда уларнинг 115 нафари сафимизни тўлдириб турибди.

Биз фахрийларимизнинг ҳолидан хабар олиб, саломатликларини тиклашларида амалий ёрдам кўрсатиб, ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда имкон қадар иштирок этиб келмоқдамиз. Хусусан, уларга турли моддий ёрдамлар кўрсатилаётир, ҳамкорларимиз кўмагида совға-саломлар улашилаяпти.

Аслида, нуронийларимизга икки оғиз ширин сўзу озгина эътиборнинг ўзи етарли. Шу боис ҳам уларнинг кўнглини кўтариш, йилда бир марта дам олиш ва даволаниш санаторийларига юборишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Тинчлик ҳамма нарсадан азиздир. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш — ҳар биримизнинг бурчимиз. Бизга бахтли ҳаётни инъом этишда жонфидолик намунасини кўрсатганлар эса қалбимизда мангу яшайди.

 

Таваккал ТОПВОЛДИЕВ,

Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш

«Нуроний» жамғармаси Андижон вилояти бўлими кенгаши раиси,

Ўзбекистон Қаҳрамони. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn