Фарзандлар камолоти йўлида
  • 10 Май 2016

Фарзандлар камолоти йўлида

Жиззах вилоятида сўнгги йилларда ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Натижада ҳудуд спортчилари мамлакат миқёсидаги беллашувларда, халқаро турнирлар, Осиё ва жаҳон биринчиликларида салмоқли ютуқларга эришмоқдалар.

Жумладан, биргина жорий — Соғлом она ва бола йилининг дастлабки чорагида вилоят вакиллари халқаро мусобақаларда битта олтин, 2 та бронза, республика баҳсларида эса 14 та олтин, 10 та кумуш, 16 та бронза медалга сазовор бўлди. 

Бундай муваффақиятлар қўлга киритилишида, албатта, ҳудудда болалар спортини ривожлантириш, эртамиз эгаларининг баркамол бўлиб улғайиши учун етарлича шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилаётгани муҳим омил бўлаётир. 

— 2014 йилда вилоятимизда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ажратилган 16,5 миллиард сўм эвазига 2 та мусиқа ва санъат мактаби, битта спорт иншооти, 5 та мактабда спорт зали, 3 та сузиш ҳавзаси қурилиб, битта спорт иншооти реконструкция қилинган ҳолда, 2 таси капитал таъмирланган эди, — дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармасининг спорт бўлими бошлиғи Иномжон Тожибоев. — Ўтган йили эса шаҳар ва туманларда 12 та спорт иншооти, хусусан, 10 та умумтаълим мактабида спорт заллари бунёд этилди,  2 та спорт иншооти реконструкция қилиниб, битта спорт майдончаси ва шунча сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, Жиззах олимпия захиралари коллежи, болалар ҳамда ўсмирлар теннис мактаби, боксга ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби бинолари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Ушбу объектларда 3,1 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлса, олимпия захиралари коллежи 13,1 миллион сўмлик, бокс мактаби 16 миллион сўмлик спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланди.

Жиззах шаҳрида 11,6 минг томошабинга мўлжалланган замонавий “Универсал” спорт мажмуаси, яккакураш, спорт ўйинлари, енгил атлетика, гимнастика ҳамда сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ишга туширилгани, барча шаҳар ҳамда туманларда биттадан болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилгани ёш авлод вакилларига муносиб совға бўлди. Айниқса, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали томонидан “Универсал” спорт мажмуаси учун ажратилган 145 миллион сўмлик 641 дона спорт жиҳози  ихтисослаштирилган спорт мактаблари ихтиёрига ўтказиб берилгани, шунингдек, гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаби залига Ўзбекистон Гимнастика федерацияси томонидан 429 миллион сўмлик жиҳозлар келтирилиб, ўрнатилгани эътиборга лойиқдир.      

Шуниси диққатга сазоворки, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ҳамда спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган имкониятларни яхшилаш жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳам тобора фаол иштирок этмоқдалар. Бугунги кунда улар томонидан барпо қилинган 24 та сунъий қопламали футбол майдончаси ҳамда 12 та жисмоний соғломлаштириш иншооти самарали фаолият кўрсатаётгани ана шундан далолат беради.

Айни пайтда бу борадаги саъй-ҳаракатлар қизғин давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилда Жиззах шаҳри ва Бахмал туманидаги болалар ҳамда ўсмирлар спорт мактабларини капитал таъмирлаш, вилоят марказидаги яккакурашга ихтисослаштирилган  болалар ва ўсмирлар спорт мактабини реконструкция қилиш, Жиззах шаҳри, Бахмал, ўаллаорол, -Жиззах, Дўстлик, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш туманларидаги қатор таълим муассасаларида спорт заллари ҳамда майдончалари қуриш мўлжалланаяпти. 

Бундай ғамхўрликларга жавобан эса вилоят спортчилари турли даражадаги мусобақаларда ўзларининг нималарга қодир эканликларини амалда намоён этмоқдалар. 

 

Тожиддин ҚАМАРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn