Жамғарма кенгаши йиғилиши
  • 10 Май 2016

Жамғарма кенгаши йиғилиши

Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Жамғарма таъсисчилари, кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш, айниқса, ёши улуғ инсонлар учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, уларнинг саломатлигини асраш, кўнглини кўтариш, ҳурматини жойига қўйишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан йигирма йил олдин ташкил этилган Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишга ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг фаолиятида уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга зарур моддий, маънавий, тиббий кўмак кўрсатиш, миллий анъана ва қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлаш устувор аҳамият касб этади. 

Жамғарма ўтказаётган маърифий тадбирлар, ижтимоий лойиҳалар -мустақиллигимизни, тинч ва фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга, янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги тезкор ва глобаллашув даври ёшлар тарбиясига янада ҳушёрлик ва огоҳлик билан ёндашишни, маънавий-маърифий жарёнларда табаррук ёшдаги инсонларнинг тажрибаси, йўл-йўриқлари, насиҳатларидан унумли фойдаланишни талаб этмоқда.   

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. “Нуроний” жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Шуҳрат Усмонов Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгашининг раиси этиб сайланди. 

“Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими кенгаши раиси Т. Топволдиев, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Ш. Уснатдинов, Фарғона вилояти бўлими кенгаши раиси Т. Холдоров, Қашқадарё вилояти бўлими кенгаши раиси 

Я. Иноятов ва бошқалар нуронийларга, айниқса, уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатаётгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди, Жамғарма олдидаги муҳим вазифалар хусусида сўз юритди. 

 

Н. УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Инсон ўз юртида азиз Марказ иш бошлади »