Инсон ўз юртида азиз
  • 10 Май 2016

Инсон ўз юртида азиз

Ўғил-қизларим, невара-чевараларим даврасида ўтирганимда, кўпни кўрган инсон -сифатида бугунги дориламон кунларни қадрлаш, мустақилликни асраш, Ватанга муносиб фарзанд бўлиш лозимлигини кўп уқтираман. Инсон ўз юртида, она тупроғида азиз ва мукаррам, демак, шу замин учун бор куч-ғайратини бериб меҳнат қилмоғи, унинг -фаровонлиги, келажаги ҳақида қайғурмоғи лозим. Шунда ҳаётимизда комиллик, яхшилик бардавом бўлади.

Шукрки, ўғил-қизларимизда бундай шижоат, интилиш мавжуд. Уларга ҳавас қилса арзийди. Кўркам, барча шарт-шароитга эга илм даргоҳларида таълим олаяптилар. Меҳнат қилишлари учун ҳам имкониятлар етарли. Шуларни ўйлаб, юртимиз толеи баланд, истиқболи янада порлоқ бўлишига ишонаман.

Бу борада олиб борилаётган эзгу амаллар, хусусан, биз, фахрийларга, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган юксак эътибордан, ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз. Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан, куни кеча бизга мукофотлар тантанали равишда топширилиб, алоҳида иззат-икром кўрсатилди. Бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Буларнинг барчаси инсоний қадриятларимиздан, юртимизда кечаётган янгиланишлардан, тинчлик-осудаликдан, турмушимиз фаровонлигидан, албатта. Ўзим ва сафдошларим номидан шундай беқиёс эътибор учун миннатдорлик билдираман.

Ҳозир 5 фарзандим, 30 набирам атрофимда. Уларнинг ҳам, ўзимнинг ҳам турмушимиздан кўнглимиз тўқ. Мунаввар кунлардан, фаровонликдан маънан яшариб юрибмиз. Маҳалла-кўйга маслаҳатгўй бўлиб, невара-чевараларни бағримизга босиб, ҳаётда билган-кўрганларимизни уларга ўргатиб келаяпмиз. Тилагимиз шуки, биз кўрган урушни фарзандларимиз асло кўрмасин. Юртимизни турли бало-қазолардан Яратганнинг ўзи асрасин.

 

Қуронбой ҲАЙИТОВ,

уруш ва меҳнат 

фахрийси.

Урганч тумани, 

Қаромон қишлоғи

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn