Эътибор, эъзоз, эҳтиром
  • 10 Май 2016

Эътибор, эъзоз, эҳтиром

Тинчлик! Буюк кашфиётлар яратишга, улкан бунёдкорлик ишларига, ўқиб-ўрганиш, юртни обод қилишга берилган беқиёс неъмат! Осойишталик ортида ота-боболаримизнинг мислсиз жасорати мужассам. Чунончи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёки фронт ортида фидойилик кўрсатган кексаларимиз билан суҳбатлашганда, осуда ҳаёт қадри бебаҳо эканлигига, истиқлолга ўз-ўзидан эришилмаганлигига амин бўламиз.

— Уруш ҳеч қачон ҳеч кимга қувонч олиб келмаган, — дея ҳикоя қилади Чилонзор туманининг Бешқўрғон маҳалласида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси Низом ота -Нуриддинов. — Биз бошимиздан ўтказган оғир кунларни ҳатто душманга ҳам раво кўрмаймиз. Ёшларимизнинг бахти шундаки, улар мустақил юртда туғилди, шу табаррук заминда ўсиб-улғаймоқда. Уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, осмонимиз мусаффолигини таъминлаш, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун фидойилик кўрсатиш эса муқаддас бурчдир.

Ҳаётнинг турли синовлари, пасту баландларига гувоҳ бўлган отахоннинг ҳар бир сўзини ўқувчилар жон қулоғи билан тинглайди.

— Ўша оғир йилларни эсласам, қалбим ўксийди, — дейди муаллима Майнахон Юнусова. — Отам Юнусали Мадумаров урушдан қайтмади. Биз, ҳали вояга етмаган етти жон онам қарамоғида қолдик. Не-не изтиробли кунларни кўрмадик, дейсиз. Шукрки, озод ҳамда обод Ватанда, мустақиллик берган бебаҳо неъматлардан баҳра олиб яшаш бахти ҳам насиб этди. Ҳар тонг мактабга отланаётган шодон набираларимга боқиб, ғурурланиб кетаман...

Мамлакатимиздаги барча ўқув маскани, хусусан, умумий ўрта таълим мактабларида 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан “Тинчлик дарси” ташкил этилмоқда. “Қадрият, эътибор ва эъзоз”, “Ватан эркинлиги учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша барҳаёт”, “Хотира — муқаддас, инсон қадри азиз” мавзуларида учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтаяпти. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар мазкур тадбирлар меҳмонига айланишган. Улар ёшларга бугунги дориламон кунлар қадри, тинчлик-осойишталикни асраш, Ватан олдидаги бурч ҳамда масъулиятни ҳаётий мисоллар асосида ифодалаб бермоқдалар.

— Боболаримиз жасорати биз учун ибрат, —дейди Чилонзор туманидаги 90-умумтаълим мактаби битирувчиси Жавоҳир Ҳасанов. — Нуронийларимиздан уруш ҳақидаги хотираларини эшитиб, Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар бир миллат ва элатнинг нақадар бахтли эканлигини чуқур англаб етаяпмиз.

Шунингдек, таълим муассасаларида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ҳарбийлар, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ижодий ва хотира кечалари уюштирилаётир. Тизимдаги болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларида ҳам концерт дастурлари намойиш этилмоқда. Мактаб ўқувчиларидан тузилган “Кўмак” гуруҳлари эса Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фахрийлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиб, уй-рўзғор юмушларида кўмаклашиш ҳамда уларни айём билан табриклаш ишларига жалб қилинган.

Байрам арафасида ўқувчиларнинг Тошкент шаҳридаги Хотира майдони ва музейларга саёҳати ташкил этилаяпти.

 

Мавжуда ХОЛМАТОВА. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn