Оила қувончи, жамият таянчи
  • 10 Май 2016

Оила қувончи, жамият таянчи

Мамлакатимиз Конституциясининг 65-моддасида “Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”, дея белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, мустақилликнинг илк йиллариданоқ оналар ҳамда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мазкур йўналишда ҳаётга татбиқ этилган миллий модель Асосий Қонунимиздаги ана шу қоиданинг амалий ифодасини таъминламоқда.

“Соғлом она — соғлом бола” тамойили асосида моҳияти ва аҳамиятига кўра бемисл ўзгаришлар рўёбга чиқарилаётир. Бу эса умр мазмунини, орзу-ниятларини биринчи галда оила, фарзандлар камоли билан боғлайдиган халқимизнинг юрт равнақига дахлдорлик, эртанги кунга ишонч ҳисси юксалишига туртки бераяпти. Соғлом она ва бола йилида ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган улуғвор ишлар салмоғи тобора ортаётгани янада қувонарлидир.

Президентимиз ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида оилани, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир ғоят муҳим чора-тадбирлар мажмуи қамраб олинган. Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан юртимизнинг барча ҳудудида, жумладан, Наманган вилоятида ҳам изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.

Она ва бола саломатлигини тўла кафолатлаш учун, аввало, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини юксалтириш айни муддаодир. Чунончи,  аҳолининг ушбу қатлами ўртасида профилактикани кучайтириш, тиббий маданиятни ошириш тақозо этилади. Бунда, айниқса, чуқурлаштирилган тиббий кўрикларнинг аҳамияти беқиёс. Шу маънода, жорий йилда вилоятда туғиш ёшидаги аёллар ҳамда болалар мазкур тадбирга кенг жалб қилинаётир.

Хусусан, яқинда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида уюштирилган тиббий-ижтимоий акцияда мамлакатимиз етакчи тиббиёт марказлари мутахассислари фертиль ёшидаги аёллар, болалар, уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийларини тиббий кўрикдан ўтказдилар. Касаллик аниқланган беморларга зарур маслаҳат, даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Бундан ташқари, март ойида ташкил этилган “Патронаж ойлиги” ҳар томонлама самарали бўлди. Даволаш-профилактика муассасаларининг тажрибали шифокорлари хонадонларга бориб, аҳолининг барча қатлами вакилларини, биринчи навбатда, оналар ва болаларни тиббий кўрикка қамраб олишга ҳаракат қилишди. Текширув пайтида аниқланган хасталикларни ўз вақтида даволаш чоралари кўрилди.

Давлат дастурида перинатал ҳамда скрининг марказлари моддий-техника базасини ҳамда кадрлар салоҳиятини янада яхшилаш вазифаси белгилаб қўйилган. Шунга кўра, Инвестиция дастури доирасида Наманган шаҳар туғуруқ комплексини реконструкциядан, 9 та туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимлари ва туғуруқ мажмуаларини мукаммал таъмирдан чиқариш ишлари бажарилаяпти. Мазкур муассасалар “Саломатлик — 3” лойиҳаси асосида энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади.

Қолаверса, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, замонавий тиббий технологияларни ўзлаштиришига кўмаклашиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам изчил олиб борилмоқда. Бунинг учун тажрибали мутахассислар иштирокида қатор тадбирлар, “Маҳорат дарслари” ўтказиш анъанага айланди. Болалар шифокорлари ихтисосликларини янада кенгайтириш, неонатал жарроҳ, неонатал анестезиолог ҳамда реаниматологлар сонини кўпайтириш масалалари ҳам ўз ечимини топаётир.

“Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, деган ҳаётий тамойилдан келиб чиққан ҳолда, оилаларда соғлом турмуш кўникмаларини мустаҳкамлаш диққат-эътиборда эканини таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан тўлиқ ўтиши таъминланаяпти. Скрининг текширувлари орқали туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта аниқлаш ва ногиронлик кўрсаткичларини камайтиришга эришилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 9 минг нафардан зиёд бўлажак оналар скрининг кўригидан ўтказилиб, уларда ҳомиладорлик қандай кечаётгани, ҳомиланинг ўсиши ҳамда бошқа жиҳатлар ўрганилди, зарур тиббий кўмак кўрсатилди. Дарвоқе, жорий йилда Наманган вилояти Она ва бола скрининг марказини илғор диагностик ультратовуш тизими билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Бу, албатта, мазкур муассасада тиббий хизматни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омиллардан бири бўлади.

Ҳомиладор аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларнинг овқатланиш рациони сифати, калориясини мувофиқлаштириш ишлари ҳам тобора кучайтирилаётир. Ҳомила нуқсонларининг олдини олиш учун бўлғуси оналарга поливитамин комплекси етказиб берилаяпти. Бойитилган ун ҳамда йодланган ош тузининг инсон организми учун нечоғли зарурлиги хусусида таълим муассасаларида, маҳаллаларда кенг тушунтиришлар олиб борилмоқда. Умуман, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, оилаларда тўғри овқатланиш ва -санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни кенг тарғиб этиш жадал тус олаётир.

Айтиш керакки, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастуридаги устувор вазифаларни бажаришда давлат органларининг жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклиги ҳам муҳим ўрин тутаяпти. Наманган вилояти ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг туғиш ёшидаги аёллар ва болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар дастури қабул қилинди. Шу кунларда унинг ижросини таъминлаш учун барча имконият ишга солинмоқда.

Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан фуқаролар йиғинларида “Оталар мактаби”, “Қайнона ва келин мактаби” фаолияти йўлга қўйилиб, ҳомиладорлик ҳамда туғуруқ даври ижобий кечишида оиладагиларнинг масъулияти ва соғлом фарзанднинг дунёга келишида чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг аҳамияти тарғиб қилинаётир. Эрта турмуш ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг, носоғлом -турмушнинг салбий оқибатларига оид видеороликлар аҳоли орасида кенг намойиш этилаяпти.

Аёнки, соғлом авлодни дунёга келтириш, миллат генофондини асраш тараққиётга дахлдор масалалардан ҳисобланади. Мамлакатимизда ўртача умр кўриш эркакларда 73, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани, 92 фоиз болалар ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келиши, хотин-қизларда экстрагенитал касалликлар сезиларли даражада камайгани — бу каби ютуқларни чорак аср олдин фақат орзу қилиш мумкин эди. Айни замонда эса улар ҳаёт ҳақиқатига айланган. Бу аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазасини такомиллаштириш, оила институтини ривожлантириш, ирсий касалликларнинг, ногиронликнинг олдини олиш, пировардида ҳар томонлама етук авлодни камолга етказиш йўлидаги ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.

 

Солижон МЎМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn