Ватан равнақи  — улуғвор мақсад
  • 06 Май 2016

Ватан равнақи  — улуғвор мақсад

Наманган вилоятида “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бошланди.

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур анжуман доирасида шаҳар ва туманлар марказлари, таълим муассасаларида турли маънавий-маърифий, бадиий дастурлар ўтказиш режалаштирилган.

Навқирон авлодни мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда бу жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳамда шукроналик туйғусини шакллантириш, ёшларни “оммавий маданият” таъсирларидан асраш, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш каби мақсадлар кўзда тутилган фестиваль ўн саккизта лойиҳани қамраб олган. Жумладан, жойларда “Юртимни обод этаман”, “Ватаним — менинг фахрим”, “Марра бизники!” сингари тадбирлар уюштирилмоқда.

Масалан, “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам!” кўргазмаси орқали иштирокчилар ёш тадбиркорлар, ҳунармандларнинг ижодий изланишлари, улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар билан яқиндан танишадилар. Турли мусобақалар совриндорлари бўлган спортсевар йигит-қизларнинг кўргазмали чиқишлари баркамол авлоднинг жисмоний ва маънавий камолоти йўлида яратилган имкониятлар кўригига айланаяпти.

Айтиш лозимки, фестивалнинг жорий йилги тадбирларида “Бу менинг Ватаним!” шиори остида Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китоби мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тақдимот, республикамиз ёш ижодкорлари томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар намойишига йўналтирилган “Кичик фильмдан — катта кинога”, олий таълим муассасалари театр студияларининг “Талабалар театр студиялари”, “Ёшлар жонли ижро тарафдори” каби янги лойиҳалар ҳам ташкил этилади.

Ёшлик ҳамда шижоат байрамининг биринчи кунида вилоят марказидаги “Камолот боғи”да кўнгилларга ором берувчи мусиқий фавворанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Камалак рангида товланаётган обиҳаёт зарраларини 25 метр баланд-ликка кўтариб бераётган иншоот атрофида йигит-қизлар завқ-шавққа тўлиб, ҳордиқ чиқардилар. Эндиликда бу жой ёшларнинг бўш вақти янада мазмунли ўтадиган сўлим масканга айланади.

Шунингдек, Тўрақўрғон, Чуст ва Косонсой туманларида ҳам бир қатор учрашувлар ташкиллаштирилди.

— Пойтахтдан келган ижодкорлар, санъаткорлар ҳамда иқтидорли йигит-қизлардан иборат тарғибот гуруҳи иштирокидаги “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси доирасидаги викторина менда катта таассурот қолдирди, — дейди Тўрақўрғон туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси Қундузой Маткаримова. — Унга ташриф буюрган актёрларнинг кўпчилигини кинофильмлардаги роллари орқали яқиндан таниймиз. Савол-жавоблар орқали уларнинг ҳаёти, ижодий фаолияти билан танишдик. Викторина чоғида меҳмонларнинг қандай китобларни мутолаа қилаётганимиз, севимли ёзувчилар ва адабий қаҳрамонларимиз ҳақида берган саволларига биз ҳам батафсил жавоб қайтардик. Тадбир якунида фаол қатнашчиларга китоблар совға қилинди. Бундан беҳад хурсандмиз.

Уч кун мобайнида бўлиб ўтадиган фестиваль тадбирларига давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар ҳам кенг жалб этилади.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn