Мусаффо осмон, фаровон ҳаёт шукронаси
  • 06 Май 2016

Мусаффо осмон, фаровон ҳаёт шукронаси

Ғиждувон туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи уч мингга яқин аҳолининг салкам 400 нафари нуронийлардир. Ҳасан Ҳақбердиев улар орасида энг табаррук ёшлиси. Яқинда тўқсон икки баҳорни қаршилади. У билан суҳбатлашсангиз, бугунги дориламон кунлар қадрини янада теранроқ англаб етасиз.

— Кўплаб ҳамқишлоқларим қатори урушга йўл олганимда, эндигина 18 ёшда эдим, — дея эслайди отахон. — ўиждувондан Бухоро шаҳригача, ундан кейин эса Қизилтепа темир йўл станциясигача бўлган юз чақиримдан зиёд йўлни оч-наҳор, пою пиёда босиб ўтганимиз кечагидек ёдимда. Уруш майдонида бошдан кечирганларимиз  олдида бу қийинчиликлар “ҳолва” экан. Қирғинбарон жангу жадаллар гулдай йигитлар умрига зомин бўлаётганини кўриш оғир эди. Вайронага айланган шаҳару қишлоқлар ҳалигача шундоқ кўз ўнгимда. 

Ўшанда минглаб юртдошларимиз қабри олисларда қолиб кетди. Ҳасан Ҳақбердиев эса уруш тугашига саноқли кунлар қолганида оғир ярадор бўлди. Ўқ теккан оёғи жарроҳлик йўли билан кесиб ташланди...

— Минг бора шукрки, истиқлолни кўриш насиб этди, — дейди у. — Аслида яқинларим ҳам жуда эрта вафот этишган. Урушдан қишлоққа қайтсам, уйимиз қаровсизликдан нураб қолган экан. Пахсадан қурилган омонат иморатда яшаб кун кечирганмиз. Ногирон ҳолимда далада ишладим. Турмуш ўртоғим Тўйбиби билан фарзандларни вояга етказдик. Баъзан ўша оғир йиллардаги турмушимиз билан ҳозиргисини қиёслаб, такрор ва такрор шукроналар айтаман.

Отахон бу ҳақда бежиз тўхталгани йўқ. Оиланинг беш фарзанди ўзига тинч. Ҳаётдан ўринларини топиб кетишган. Тадбиркорлик билан шуғулланишади. Бугун Ҳасан ота яшаётган ҳовлига кирсангиз, ҳавасингиз келади. Замонавий уйда зарур қулайликлар муҳайё. Муҳими, хонадоннинг чироғи ўчмади. Унинг қирқдан зиёд невараю эваралари бор. 

— Давлатимизнинг ғамхўрлигини доимо ҳис қилиб яшаяпман, — дея давом этади у киши. — Яқинда невараларим Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини рағбатлантириш тўғрисидаги Фармонини газетадан ўқиб беришди. Бундан бениҳоя хурсанд бўлдим. Биз, кексалар доимо эл-юрт эъзозидамиз. Ниятим шуки, ёшларимиз бу тинч ва осойишта кунларнинг, она-юртнинг қадрига етишсин.

— Бухорода айни пайтда 120 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бор, — дейди  “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Юсуф Қурбонов. — Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига мувофиқ, уларга пул мукофотлари берилади. Табаррук ёшдаги кексаларимизга корхона ҳамда ташкилотлар, жамоатчилик томонидан доимий равишда зарур ёрдамлар кўрсатилаяпти. Бу эътибор ва меҳр-оқибатдан миннатдор фахрийлар навқирон авлод вакилларини она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдек олижаноб ишда кўмакдош бўлаяптилар.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Муаллиф олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn