«Ҳар бир фарзанд меҳр оғушида»
  • 06 Май 2016

«Ҳар бир фарзанд меҳр оғушида»

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида шу шиор остида болалар саломатлиги ҳафталиги бошланди.

Республикамизда оналик ва болаликни асраш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилаётган доимий эътибор баркамол авлодни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар -соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Фахрланарли жиҳати, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилаётир. Унинг изчил ижроси туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Мазкур кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Аҳоли саломатлигини асрашда мунтазам ўтказилаётган тиббий кўриклар, акциялар, турли тадбирлар муҳим ўрин тутаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бошланган “Ҳар бир фарзанд меҳр оғушида” шиори остидаги болалар саломатлиги ҳафталиги ҳам эртамиз эгаларининг порлоқ истиқболи йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлардан биридир.

— Ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад ўғил-қизларни бирламчи тиббий-профилактика кўригидан ўтказиш, аниқланган касалликларни ўз вақтида бартараф этиш ва энг муҳими, уларни зарур витаминлар билан таъминлашдан иборатдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи М. Содиқов. — Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда болаларни юқумли касалликларга қарши давлат томонидан бепул эмлашнинг миллий тақвими яратилган бўлиб, у замон талаблари асосида янги эмлаш воситалари билан бойитилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, А витамини етишмаслиги натижасида эпителий тўқимаси зарарланади, кўз хиралашади. Тери, нафас йўллари, қовуқ ва ичакда салбий ўзгаришлар пайдо бўлади.

Юртимизда ҳар йили 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларга умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамшираси ҳамда мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари назорати остида А витамини ичирилаяпти. Бунинг натижасида микронутриент танқислиги туфайли келиб чиқадиган касалликлар кескин камаймоқда. Мазкур акция доирасида тўрт миллион нафарга яқин болага А витаминини бериш кўзда тутилган.

Бу йилги Ҳафталикнинг яна бир янгилиги ушбу витаминлар қаторида гижжаларга қарши “Верморекс” препарати ҳам берилаётганидир. У овқатнинг тўла ўзлаштирилиши ва организмнинг тўкис ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши билан муҳим аҳамиятга эга.

...Биз пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 46-оилавий поликлиникада бўлиб ўтаётган Ҳафталик тадбирларида қатнашдик. Мазкур муассаса бош шифокори Дилфуза Иброҳимованинг билдиришича, ижтимоий акцияни юқори савияда ташкил қилиш учун ҳудуддаги тегишли давлат, жамоат ташкилотлари, тиббиёт масканлари мутахассислари билан ҳамкорликда кенг кўламда тайёргарлик олиб борилди. Шифокорлар иштирокида маҳаллаларда, хонадонларда, мактабгача тарбия муассасаларида ота-оналар билан учрашувлар, суҳбатлар уюштирилди. Тадбирларда А витамини ҳамда “Верморекс” препаратининг фарзандларимиз саломатлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти хусусида батафсил маълумот берилди.

Ҳафталик Бухоро вилоятида ҳам зўр уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Когон шаҳар марказий поликлиникасида бўлганимизда, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

— Бугун ўғлим Азизжонни шифокорлар текшириб, касалликларга қарши зарур профилактик муолажа кўрсатишди, — дейди 17-маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Нозима Истамова. — Бу унинг соғ-саломат ўсиб-улғайиши учун жуда катта аҳамиятга эга, албатта. Биз, оналар фарзандларимиз соғлиғи учун давлатимиз раҳбарияти томонидан қаратилаётган бундай улкан эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз.

Қайд этиш ўринлики, мазкур акцияга вилоят бўйича тегишли ёш доирасидаги қарийб 300 минг нафар ўғил-қиз қамраб олинади.

“Ҳар бир фарзанд меҳр оғушида” шиори остидаги болалар саломатлиги ҳафталиги Хоразм вилоятида ҳам юқори савияда ташкил қилинмоқда. Унинг доирасида кўзда тутилган тадбирлар режали асосда ўтказилиб, вилоят бўйича 300 минг нафардан зиёд болалар жалб этилаяпти.

— А витамини хавфсиз ва самарали бўлиб, боланинг иммунитетини яхшилайди, турли касалликларнинг олдини олади, — дейди Урганч шаҳридаги 3-оилавий поликлиника бош шифокори Олимбой Давлетов. — Биргина бизнинг тиббий муассасамизда бир ҳафта давомида 12 минг нафардан ортиқ болага соғлиғини мустаҳкамлайдиган дори воситалари берилади. Саломатлик ҳафталигида маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳам намунали қатнашаяптилар. Улар бунинг аҳамиятини яхши тушунадилар. Зеро, бундай тадбирлар фарзандларимиз камолотига хизмат қилади.

10 май куни якунига етадиган Ҳафталик тадбирларига республикамизнинг барча ҳудудидаги болалар даволаш-профилактика муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар қамраб олинади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

Истам ИБРОҲИМОВ,

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn