300 марта ширинроқ
  • 06 Май 2016

300 марта ширинроқ

Стевияга “асал ўт” дея таъриф беришлари бежиз эмас, албатта. Чунки ўсимлик баргидан олинадиган стевиозид толқони шакардан 300 марта ширинроқдир. Шу боис у шакар ўрнини бемалол боса олади. Айни пайтда дунёнинг кўпгина давлатлари қандолатчилари стевиядан фойдаланишни афзал кўришининг сабаби шунда.

Ушбу ўсимлик Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитига ҳам мос келди. Заминимизда етиштирилган стевиянинг тотлилиги бошқа мамлакатлардагига нисбатан 2-2,5 ҳисса зиёддир. 

Стевия қанчалик ширин бўлмасин, инсон саломатлиги учун кони фойда. Айниқса, қандли диабетга чалинганлар уни таомга қўшиб, мунтазам равишда тановул қилсалар, қондаги глюкоза миқдорини пасайтириб, қон томирлари девори эластиклигини яхшилайди. 

Шу билан бирга, қон босимини маромига келтиради. Мия қобиғини мустаҳкамлаб, паришонхотирликнинг олдини олади. Организмда  моддалар алмашинувини тиклаб, эндокрин безлари фаолиятини мўътадиллаштиради. Ҳатто нобуд бўлган ҳужайра ва тўқималарни қайта тиклашга ёрдам беришига нима дейсиз?! 

Яна бир эътиборга молик жиҳати, у танадаги ортиқча ёғларни парчалаб, семиришнинг олдини олади. 

Халқ табобатида ўпка, зиққинафаслик, тиш ва милк касалликларини даволашда стевиядан фойдаланилади. Шунингдек, у ақлий ҳамда жисмоний толиқишни бартараф этиш, ошқозон ва меъда-ичак йўли касалликлари, саратонни даволашда ҳам яхши самара беради. Стевия чойи билан бош ювилса, соч ўсишини тезлаштириб, сержило қилади. 

Стевия қайнатмасини тайёрлаш учун  2 ош қошиқ ўсимлик баргидан олиниб, икки қаватли докага ўралади-да, 200 мл. қайноқ сувда паст оловда ярим соат давомида қайнатилади. Кейин у сузиб олинади. Стевия баргларини ташлаб юборишга шошилманг. Унинг устига 100 мл. қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйсангиз, уни ширин чой ўрнида ичаверасиз.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,

доришунос.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn