Очиқликни таъминлаш — ОАВ фаолиятининг асосий мезони
  • 05 Май 2016

Очиқликни таъминлаш — ОАВ фаолиятининг асосий мезони

Пойтахтимизда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси ҳамда қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик билан мулоқотни ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.

Унда депутатлар, вазирлик ҳамда идоралар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида ОАВ фаол иштирок этаётганлигини алоҳида таъкидлашди. Бу, шубҳасиз, матбуот ва ахборот эркинлиги, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг самарасидир. Хусусан, соҳанинг мустаҳкам қонунчилик асоси яратилган бўлиб, у тобора такомиллаштириб борилмоқда. 

Бу аҳолини юртимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан тўлиқ хабардор қилиш имконини бераётир.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида 2014 йил май ойида қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун аҳолининг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишда ОАВ ролини янада юксалтириш борасида янги босқични бошлаб берди. Буни айни чоғда юртимизда мавжуд оммавий ахборот воситаларининг 60 фоизга яқинини нодавлат медиатузилмалари ташкил этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунга мос равишда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари ахборот манбалари тобора ривожланиб бораётгани ҳам эътиборлидир. Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 114 та веб-сайти фаолияти йўлга қўйилган. Улар томонидан кўрсатилаётган электрон хизматлар кўлами ҳамда сифати ҳам тобора салмоқли бўлиб бораяпти.

Конференция иштирокчилари томонидан Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори ОАВ фаолияти -самарадорлигини ошириш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Яъни оммавий ахборот воситалари ҳамда нашриётларга қатор имтиёз ва преференциялар бериш белгиланган бўлиб, бу амалда юксак натижалар бераётир.

— Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасида яхши тажриба тўпланган, — дейди “Panorama Worldwide” медиакомпанияси ижрочи продюсери Людовик Пето (Франция). — Аввало, соҳа тараққиётида муҳим омил бўлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Улар учун турли енгилликлар берилмоқда. Журналистлар ривожланган давлатларга бориб, малака ошириб келаётир. Пировардида буларнинг барчаси ОАВни янада такомиллаштириш, журналистлар касб маҳорати ҳамда билимини кучайтиришда қўл келмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Мазкур халқаро конференция ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, биз бу ерда нафақат ўз тажрибамизни ўртоқлашдик, айни чоғда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан кўп жиҳатларни ўргандик.

Тадбирда республикамизда оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароит яратилгани ва давлат ташкилотлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида жамоатчилик мулоқотини шакллантиришда уларнинг ўрни ҳамда аҳамияти ортиб бораётгани, соҳада халқаро ҳамкорлик кенг ривожланаётгани хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

— Юртингизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, ОАВни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлардан муайян даражада хабардорман, — дейди ЮНЕСКО бош маслаҳатчиси Могенс Шмидт (Дания). — Конференция асносида бу борадаги маълумотларимни янада бойитдим. Бу ерда ОАВ ривожи учун зарур шароит яратилган ва бу уларнинг тобора фаоллашиб бораётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Тадбирда ривожланган давлатларнинг ушбу йўналишдаги илғор тажрибасини етказиш баробарида, фаолиятимиз давомида асқатадиган билим ҳамда кўникмаларга эга бўлдик. Шу маънода, ҳамкорлик алоқаларини бундан кейин ҳам изчил давом эттиришдан манфаатдормиз.

Халқаро конференцияда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини янада демократлаштириш ҳамда либераллаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини, давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, ОАВнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, жамоатчилик фикрини ўрганишнинг янгича усул ҳамда технологияларини жорий этиш, аҳоли хабардорлигини оширишда давлат органларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, тараққий топган давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, зарур тавсиялар берилди.

 

З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn