Фуқаролар йиғинлари сайлови бошланди
  • 05 Май 2016

Фуқаролар йиғинлари сайлови бошланди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарорида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови шу йил май — июнь ойларида ўтказилиши назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб, юртимизнинг барча ҳудудида мазкур муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Жойларда сайловнинг ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенглик принциплари асосида ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. 

Хусусан, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароит яратилди. Масалан, ишчи гуруҳлар хизмат хоналари ҳамда ҳуқуқий адабиётларга эга бўлди.

Сайлов иштирокчилари билим ва малакасини оширишга қаратилган ҳудудий ўқув-семинарлар уюштирилиб, соҳа қонунчилиги мазмун-моҳияти ҳамда ушбу тадбирнинг маҳалла институти нуфузини янада юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди. Қолаверса, Олий Мажлис Сенати Кенгаши кўмаклашувчи комиссияси аъзолари томонидан фуқаролар йиғинлари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари ҳам чуқур таҳлил қилинди.

Ўз навбатида, аҳоли, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларни сайлов жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини, ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича салмоқли юмушлар бажарилди. Бу борада ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар ҳузуридаги ахборот хизматлари ҳамда ОАВ роли беқиёслигидан келиб чиқиб, жойларда журналистларнинг фуқаролар йиғини сайлови билан боғлиқ билимларини мустаҳкамлашга йўналтирилган семинарлар ўтказилди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ энг муҳим талаблар юзасидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Фуқаролар йиғинлари органларини шакллантиришда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг соҳа қонунчилигига тўла риоя қилишларини таъминлаш, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодларнинг иш ва ахлоқий фазилатлари билан аҳолини ҳар томонлама таништиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир.

Умуман олганда, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда улар маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик ишлари юқори савияда олиб борилмоқда. Айни чоғда бугундан мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари сайлови бошланди ва икки ой давомида белгиланган режа асосида маҳаллаларда сайловлар бўлиб ўтади. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Катта Хирмонтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам сайлов бугун ўтказилиши белгиланган. Шу муносабат билан ушбу маҳаллада тайёргарликнинг бориши билан танишдик.

Мазкур маҳалла ҳудудида 6 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган 4 минг нафарга яқин фуқаролар иштирокида вакиллар сайлови бўйича умумий йиғилишлар ўтказилди. Муҳими, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари тўла рўёбга чиқарилиши учун ишчи гуруҳ томонидан зарур чоралар кўрилди. Жумладан, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар ҳақидаги ахборот сайловдан беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўйилди.

— Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркибига эл-юрт орасида обрў-эътибор қозонган, бундай тадбирларда тажриба тўплаган 7 нафар фуқаро киритилган бўлиб, улар фаол иш олиб бормоқда, — дейди мазкур ишчи гуруҳ раҳбари 

К. Қосимова. — Ҳудуддаги сайловчилар сонидан келиб чиқиб, вакиллар сайланди. Улар маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига кўрсатилган уч нафар номзоднинг энг -муносибига овоз беради. Фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчилари лавозимларига ҳам ўзлари ишонган инсонларни танлашади. Улар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун барча қулайлик мавжуд.

Шундай қилиб, мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бошланди. Шунга мос равишда жойларда мазкур тадбирни демократик тамойиллар асосида ўтказишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом -эттирилаяпти.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn