Мангуликка муҳрланган эҳтиром
  • 05 Май 2016

Мангуликка муҳрланган эҳтиром

Мамлакатимизнинг бошқа вилоят марказлари қатори Наманган шаҳрида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қурбонларига бағишланган Хотира майдони барпо этилган. У миллий меъморчилик тамойиллари асосида қурилганлиги, кўркамлиги ва салобати билан одамни ҳайратга солади. Бу ерда аждодлар хотирасини ёдга олиш, юртимиз ривожига алоҳида ҳисса қўшганларни қадрлаш, навқирон авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга -бағишланган турли тадбирлар  ўтказиб турилади. Ёш келин-куёвлар учун ҳам майдонни зиёрат қилиш, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш эзгу анъанага айланган.

Майдоннинг тўрида порлаб турувчи мангу олов ҳар бир кишининг қалбидаги энг нозик ҳисларни уйғотгандек бўлади. Икки тарафдаги қадди баланд қўшайвон бағридаги токчаларда эса ўзига хос хотира китоблари жойланган. Унинг саҳифаларига фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган 37 минг нафардан ортиқ наманганликларнинг номи муҳрланган. Ҳар сафар уларнинг исм-шарифларини ўқиганда, ана шу юртдошларимизнинг мардлиги ҳамда жасорати кўз олдимизда гавдаланади.

Самсоқжон ота Низомов — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Бу мўътабар инсон яқинда умрининг  тўқсон бешинчи баҳорини қаршилади. Шундай улуғ ёшдалигига қарамай бардам-бақувват. Отахонни одамлар орасида, айниқса, талабалар ва ўқувчилар даврасида кўп учратиш мумкин.

Урушдан кейинги йилларда Самсоқжон Низомов педагогика институтини битириб, бутун ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлади. Мактабларда ўқитувчилик қилди, узоқ вақт вилоят халқ таълими бошқармасида ишлади. Ҳозир ҳам жамиятда фаол. Отахонни ёшлар билан -учрашувларга тез-тез таклиф этиб туришади. 

— Нотинчликдаги заҳматларни бизнинг авлодимиз кўрди, бошқаларнинг бошига бундай кунлар тушмасин, — дейди у. — Фашизмга қарши курашда бир ярим миллиондан зиёд ўзбекистонлик қатнашган. Ўша пайтда республикамизда олти ярим миллион киши яшаганлигини ҳисобга олсак, уруш мамлакатимиздаги биронта оилани четлаб ўтмаганлиги аён бўлади. Юз минглаб қурбонлар, сон-саноқсиз майиб-мажруҳлар-чи? Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари олиб бораётган тинчликпарвар сиёсатни чин -дилдан маъқуллаймиз. Айнан шу туфайли ҳар бир шаҳар ва қишлоқда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлиги ҳаммамизни чексиз қувонтиради.

Самсоқжон ота вақти-вақти билан Хотира майдонига келиб туради. Уруш манзаралари худди кино лентасидай кўз олдидан ўтади. Фронт ортида туриб жанг майдонидаги аскарларни ҳамма нарса билан таъминлаган юртдошларимизнинг куну тун қилган меҳнатини ҳам ёдга олади. Бугун мамлакатимизда ана шу фидойи ўғлонлар -хотираси азизлиги унга мамнуният бахш этади. Омон-эсон қайтиб, умргузаронлик қилаётганларнинг қадри юксаклигидан ғурурланади, шукроналар келтиради. 

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимидан олинган маълумотларга кўра, ҳозир Наманган шаҳри ва туманларда 118 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Улар байрамларда, турли тадбирларда доимий равишда йўқлаб турилади, совға-саломлар билан сийланади. Фахрийларнинг уй юмушларини беминнат бажарадиган  “ўамхўрлик гуруҳлари” тузилган. Навқирон авлодга ватанпарварлик, бурчга садоқат, мардлик ва жасорат каби фазилатларни сингдириш учун кексалар иштирокида давра суҳбатлари, учрашув ҳамда мулоқотлар мунтазам ўтказилаётир. 

— Уруш миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритди, — дейди Низомжон ота Сатторов.  —  Жанггоҳлардан қайтмаганлар орасида қанчадан-қанча ўзбекистонликлар бор. Биз уларнинг порлоқ хотираси олдида доимо бош эгамиз. Айни вақтда тинч-осойишта, шоду хуррамликда  ўтаётган ҳар бир кунимизга, фаровон ҳаётимизга беҳисоб шукроналар айтамиз. Ёшлар билан  учрашувларда ҳозирги яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг қадрига етиш кераклигини уқтирамиз. Айниқса, биз, фахрийлар ҳақида давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрликдан миннатдорлигимизни изҳор этамиз.  Жумладан, Президентимизнинг уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган Фармони ҳам биз, фахрийларни беҳад мамнун этди. Буларнинг барчаси юртимизда инсон қадри ҳамиша улуғ эканлигидан далолатдир. 

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn