Фарғона вилояти: обод кўнгиллар, файзли манзиллар, эзгу интилишлар
  • 04 Май 2016

Фарғона вилояти: обод кўнгиллар, файзли манзиллар, эзгу интилишлар

Одамзод ҳамиша тилсимотлар синоатини билишга интилади. Гўзалликдан баҳраманд бўлишни истайди. Ажойиботлардан ҳайратланиш орзуси билан яшайди. Негаки, мўъжизаларнинг ўз оҳанрабоси бор! Уларнинг сеҳру жозибаси эса дилларга унутилмас завқу шавқ бағишлаши, шубҳасиз. Бугун Ўзбекистонимизга “Жадал тараққий этаётган мамлакат” дея таъриф бераётган халқаро эксперт ва мутахассислар, чет эллик сайёҳларнинг сўзларига қулоқ тутиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз.

Асли ҳиндистонлик, айни пайтда АҚШда истиқомат қилувчи Ананд Ражендранни Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” мажмуида учратдик. Меҳмон бу ерда тайёрланаётган адраслар, миллий либосларимизни мароқ билан томоша қилгач, улардан икки жуфтини сотиб олди.
— Фарғона вилоятининг обод ва гўзал манзиллари, бетакрор табиати, мўътадил иқлими менда катта таассурот уйғотди, — дейди у. — Вилоят марказидаги пухта меъморий ечим асосида тикланган иморатлар шарқона жозиба ҳамда замонавий шаҳарсозлик анъаналарини ўзида мужассам этибди. Ҳар бир иншоот ҳовлисидаги яшил хиёбонларни айтмайсизми?! Бу каби ўзига хос ландшафт дизайнини бошқа мамлакатларда учратмайсиз. Ана шундай кўркам манзарага Марғилон шаҳрида ҳам дуч келдим. Қойил, қадимий ёдгорликлар, осориатиқаларни бугунги давр талабларига мос муҳташам бинолардан айри ҳолда тасаввур қилиш қийин. Қолаверса, бу ердаги бунёдкорлик ишларидан қанчалик ҳайратланган бўлсам, маҳаллий ҳунармандлар маҳоратига ҳам шунчалар тан бердим. Қўлимдаги мана бу нозик дид билан тайёрланган шарфлар ҳам — мўъжизанинг ўзгинаси! Қойил, ипак матога на ип, на елим ишлатилиб, жундан нақш туширилибди. Рафиқамга қўнғироқ қилсам, бир йўла тўрттасини олиб боришимни илтимос қилди. Ҳозир Фарғона, Марғилон сафарини тугатиб, Қўқон шаҳрига йўл олмоқчиман. Келгусида ушбу мафтункор юртга оила аъзоларим билан келиш ниятидаман.
Дарҳақиқат, сўлим водийнинг бундай мафтункор шаҳарлари кўп. Биргина вилоят марказидаги ўзгаришлар кўламидан ҳар қанча ғурурлансак, фахрлансак арзийди.
2011 йилнинг 15 ноябрини ҳудуд аҳли “Фарғона шаҳри қайтадан туғилган кун”, дея бежиз эътироф этмайди. Чунки мазкур санада Президентимизнинг вилоят маркази бош режасини амалга ошириш, 2012 — 2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкциялашга доир қарори эълон қилинганди. Мана, ўшандан буён қарийб беш йил вақт ўтди. Бугун шаҳарни улкан қурилишлар майдонига қиёслаш мумкин. Юртбошимиз ташаббуси билан олиб борилаётган бундай кенг кўламли ҳаракатга каттаю кичик ўзини дахлдор билиб, ташаббус кўрсатмоқда. Зеро, мақсад муштарак: Фарғонани энг кўркам, энг тараққий этган шаҳарлардан бирига айлантириш.
Шундан келиб чиқиб, ҳудудда 2011 — 2015 йилларда 1,5 триллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Катта ҳалқа йўлининг 3,2 километрлик қисмида қайта қуриш юмушлари якунланди. Янги барпо этилган 14,2 километрлик Кичик ҳалқа йўли реконструкциядан чиқарилди. Аэропорт, Аҳмад ал-Фарғоний, Қувасой, Алишер Навоий ҳамда Мустақиллик кўчалари жаҳон стандартларига мос ҳолга келтирилди. Ўз навбатида, Сайилгоҳ, Қори Ниёзий, Эътиқод, Қашқар, Форобий кўчаларидаги йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилди. Ана шу мақсадлар учун 202 миллиард сўм йўналтирилди. Пировардида ҳудуд аҳли ва меҳмонларига қўшимча қулайлик яратилди.
Яна бир гап. Фарғона шаҳри ҳудудидан Марғилонсой оқиб ўтади. Давлатимиз раҳбари қарори ижроси доирасида мазкур сув ҳавзасига яна 2 та янги кўприк қурилиб, 9 таси реконструкциядан чиқарилди.
Сой ўзанини тубдан таъмирлаш, икки қирғоғида пиёдалар йўлакчалари барпо қилиш, дам олиш мажмуалари, ёритиш тизимини қуриш жараёни ҳам адо этилди.
—    Кўприксозлик қурилиш саноатининг энг мураккаб тармоқларидан бири ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Улуғбек Умаров. — Ўзим ҳам шу соҳа вакили сифатида бунинг заҳмату машаққатини яхши тушунаман. Қаранг, Фарғонадаги 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб бунёд қилинган кўприкларнинг муҳандислик-технологик ишларини тўлиқ ўзимизнинг мутахассислар бажаришди. Шунингдек, хом ашё сифатида маҳаллий корхоналаримизда тайёрланган қурилиш материалларидан фойдаланилди. Буларнинг барчаси, Президентимиз бот-бот таъкидлаганларидек, Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигининг далолатидир.
Йўл-транспорт инфратузилмаси — шаҳарсозликнинг муҳим талаби. Шундан келиб чиқиб, ҳудудда “Фарғона — Қўқон” йўналиши учун “Ёрмозор” автошоҳбекати қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тўққиз миллиард сўм эвазига “ISUZU” русумли 120 та автобус харид қилиниб, янги йўналишлар бўйлаб қатновлар йўлга қўйилди.
— Яқин-яқингача ҳудудимизнинг мақтанса арзигулик маркази, хиёбони йўқ эди, — дейди Фарғона шаҳри бош меъмори вазифасини бажарувчи Барҳаёт Турсунов. — Қувасой кўчасида 1000 ўринли муҳташам Театр-концерт саройи фойдаланишга топширилгач, бу масаланинг ечими топилди. Шу тариқа қарийб 40 гектар майдонни эгаллаган ушбу маскан ён-атрофи чинакам сайилгоҳга айлантирилди. Мазкур марказий майдон дунёдаги энг ноёб анвойи дарахтлар билан қопланган мўъжаз хиёбонни эслатади. Тўртта замонавий фаввора иқлим мўътадиллигини таъминлайди. Каштан, эман, липа, можжевельник сингари кўчатлар, Бельгиядан келтирилган игнабаргли дарахт ниҳоллари боғ кўркига кўрк, чиройига чирой бағишлаб турибди.
Янгидан бунёд этилган 500 ўринли амфитеатр, Аҳмад ал-Фарғоний номидаги реконструкция қилинган маданият ва истироҳат боғи, 100 ўринли Қўғирчоқ театри, Сайилгоҳ ҳамда Мустақиллик кўчалари оралиғидаги Болалар боғи, Қиргули мавзесида бунёд этилган кичкинтойлар хиёбони ҳам ҳамиша гавжум. Собиқ “Фуран кимё бирикмалари” ва “Фарғонагазаппарат” заводлари ўрнида қад ростлаган 70 дан ортиқ кўп қаватли тураржойлар чинакам бахт ошёнига айланган. Икки қаватдан иборат 30 дан зиёд -замонавий савдо ҳамда маиший хизмат шохобчалари эса аҳоли хизматида. Бундан ташқари, ҳудудда фойдаланишга топширилган 20 минг ўринли муҳташам стадион фарғоналик футбол мухлислари учун муносиб туҳфа бўлди. Унинг атрофини ободонлаштириш мақсадида 9 гектар майдонга 3,5 минг туп ноёб манзарали кўчат ўтқазилди. Шу ва бошқа спорт иншоотлари ҳадемай вилоят мезбонлик қиладиган, олий ўқув юртлари талабалари ўртасидаги “Универсиада — 2016” спорт ўйинларининг финал босқичига шай ҳолатга келтирилмоқда.
Қўқон шаҳри ҳам йил сайин чирой очаётган обод манзиллардан биридир. Кўримсиз ва пасқам иморатлар ўрнини бугун кўркам бинолар эгаллаган. Йўллар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари қурилди, мавжудлари тубдан таъмирланди. Бунда Юртбошимизнинг “Қўқон шаҳрининг архитектура қиёфаси ва шаҳар инфратузилмасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ишлаб чиқилган 2010 — 2012 йилларда Қўқон шаҳрининг саноат салоҳиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, ҳудуддаги 30 га яқин ишлаб чиқариш субъекти техник ва технологик жиҳатдан янгиланди. Илғор саноат корхоналари фойдаланишга -топширилди. Ҳозир мазкур кент жамолини кўриб, кўз қувонади. Буларнинг барчаси мустақиллик шарофатидандир.
Марғилон азалдан уста-ҳунармандлар шаҳри сифатида ном қозонган. Бу ерда истиқлол йилларида хизмат кўрсатиш ҳамда сервис шохобчалари, савдо мажмуалари, маданий-маърифий марказлар, ишлаб чиқариш ва саноат объектлари бунёд этилиши билан нафақат ҳудуд қиёфаси, балки шаҳарда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш тарзи ҳам тубдан ўзгарди. Чунончи, ўтган даврда шаҳарнинг қадимий бозори янгидан барпо этилди, марказий кўчалари кенгайтирилиб, ён-атрофи ободонлаштирилди. Тарихий обидалар қайта таъмирланиб, зиёратгоҳга айлантирилди. Кейинги йилларда биргина Мустақиллик кўчасида замонавий мезонлар асосида амалга оширилган бунёдкорликлар тимсолида мустақиллик берган имкониятлар нечоғли юксак эканлигини тўлиқ тасаввур қилишимиз мумкин. Муҳташам иморатлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаларининг бетакрор қиёфаси меъморчилигимиздаги ютуқларни яққол намоён этаяпти.
Ёш оила бошлиғи Давлатбек Қирғизов Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида вояга етган. Айни пайтда у турмуш ўртоғи Сайёра Турдиалиева билан икки нафар фарзандни тарбияламоқда. Яқинда навқирон авлод вакиллари давлатимизнинг яна бир юксак ғамхўрлигидан баҳраманд бўлишди. Уларга шаҳарнинг Тошкесар маҳалласида қуриб битказилган “Камолот” уйларидан хонадон ажратилди.
—    Ҳеч қачон ўзимни ёлғиз ҳис қилганим йўқ, — дейди Давлатбек. — Меҳрибонлик уйида кам бўлмай камол топдим. Ҳар қадамда давлатимиз эътиборини ҳис қилиб яшаяпмиз. Турмуш ўртоғим ҳозир ўзим улғайган муассасада тарбиячи бўлиб ишлаяпти. Мана, тураржойимиз, ўзингиз кўриб турганингиздек, жуда кўркам ва шинам. Барча қулайлик муҳайё. Ҳовлидаги ўйин майдончасидан кичкинтойларнинг шодон кулгилари аримайди. Инсон учун бундан ортиқ бахт борми?!
Маълумотларга кўра, айни пайтгача Фарғона вилояти бўйича 6 та шундай кўп қаватли “Камолот” уйи ёш оила вакиллари ихтиёрига берилган. Жорий йилда улар сони яна 5 тага кўпаяди.
Қулай ишбилармонлик муҳити — тадбиркорлик ривожида ҳал қилувчи омил. Юртимизда ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилаётганининг боиси шунда. Зеро, соҳа вакилларига берилаётган қатор имтиёзлар уларнинг истиқболли лойиҳалари рўёбига кенг йўл очиб, аҳолининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланиши ҳамда жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони йил сайин кўпайишига хизмат қилаётир.
Хусусан, жорий йилнинг уч ойи давомида Фарғона вилоятида саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми 13,3 фоиз ўсди. Бинобарин, 108,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар 100 га яқин давлатларга экспорт қилинди. Таққослаш учун мисол: 1991 йилда Фарғона вилоятида атиги иккита экспортчи корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб, чет эл инвестицияси иштирокидаги ишлаб чиқариш субъектлари сони 120 тага етди.
Яқинда Фарғона туманида фаолият бошлаган “Fergana osena textile” Ўзбекистон — Таиланд қўшма корхонаси — шулардан бири. Бу ерга Германия давлатидан келтириб ўрнатилган, умумий қиймати 6 миллион еврога тенг энг илғор технологиялар йилига 3600 тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаб, уни рақобатдош калава ипга айлантириш қувватига эга. Эътиборлиси, бу ерда тайёрланган маҳсулотлар тўлиқ ташқи бозор учун мўлжалланган. Қисқа муддатда чет эллик буюртмачилар билан умумий қиймати 1 миллион долларлик шартномалар имзоланди.
Корхона раҳбари Алишер Ортиқовнинг таъкидлашича, жамоа сафида меҳнат қилаётган 200 нафар ишчи-мутахассиснинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Асосий технологик жараёнлар йигирув, тараш, пилталаш цехларида амалга оширилади.
—    Ҳудудимиздаги агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, шу ерда иш бошладим, — дейди оператор Дилфуза Абдураҳмонова. — Корхонамизда барча ускуна компьютерлаштирилган. Дастгоҳлар шовқинсиз ишлайди. Атроф-муҳитга, экологияга таъсири жуда кам. Муҳими, шундай аҳил жамоа сафида меҳнат қилаётганимдан ота-онам ҳам жуда хурсанд. Чунки бу ерда “Устоз — шогирд” анъанаси асосида билим ва тажрибамни мустаҳкамлаяпман. Халқимизга, оиламга, оз бўлса-да, нафим тегаяпти.
Жорий йил давомида вилоятда 71,4 миллион долларлик инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 29 та истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Улар  тўқимачилик, қурилиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, озиқ-овқат, халқ истеъмоли товарлари тайёрлаш ва фармацевтика саноати ҳиссасига тўғри келади. Пировардида Жанубий Корея, Буюк Британия, Канада, Саудия Арабистони каби давлатлар сармоядорлари билан ҳамкорликда ички бозор учун янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Қолаверса, 2184 киши доимий даромад манбаига эга бўлади.
“Қўқон Евро қурилиш” қўшма корхонаси Хитой инвестицияси иштирокида ташкил этилган. Яқинда бу ерга хорижлик ишбилармонлар яна 35 миллион долларлик сармоя киритишга қарор қилишди. Мазкур лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқарилгач, жорий йилнинг тўртинчи чорагидан Ўзбекистон туманининг “Шўрсув” саноат ҳудудида бир кеча-кундузда 5 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ҳадемай Қўқон шаҳридаги “Mirus textile group” хорижий корхонасида калава ипни бўяш ўзлаштирилади. Бунинг учун 800 минг долларлик сармоя киритилиши мақсад қилинган.
—  Ўтган йигирма беш йил ичида Фарғонамизда тикланган иморатларнинг саноғига етиб бўлмайди, — дейди меҳнат фахрийси Омонжон Ҳошимов. — Хўш, бу ким учун, нима учун? Албатта, биз, фарзандларимиз, эртанги ёруғ келажагимиз учун. Зеро, инсон дунёга бахтли яшаш учун келади. Юртим, маҳаллам, хонадоним тинч бўлса, дейди. Дастурхонимдан файз кўтарилмасин, фарзандларим ҳеч кимдан кам бўлмай камол топсин, дея ният қилади. Истиқлол шарофати билан орзуларимиз ушалмоқда. Тилимизда, дилимизда шукрона. Эртамиздан кўнглимиз тўқ. Чунки ортимизда давлатимиз, Президентимиз -турибди. Биздан талаб қилинадигани эса, эзгуликка интилиб яшаш. Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш!
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз шаҳару қишлоқларидаги беқиёс ўзгаришларни кўриб, барчанинг кўнглидан ана шундай туйғулар кечаётгани, шубҳасиз. Албатта, буларнинг ҳаммаси узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат, халқимиз азму шижоати мевасидир. Фарғона вилоятига сафаримиз асносида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.


Фаррух БЎТАЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ ва
Хурсандбек АРАББОЕВ
олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn