Бу заминда ҳар бир инсон мўътабар
  • 04 Май 2016

Бу заминда ҳар бир инсон мўътабар

Насиб қилса, бу йил фарзандларим, яқинларим даврасида 95 ёшимни нишонлайман. Умрим давомида қанчадан-қанча синовларни бошдан ўтказдим, ҳаётнинг пасту баландига гувоҳ бўлдим.

Ёшлигимда минглаб тенгдошларим қатори Иккинчи жаҳон урушида қатнашдим.  Ўшанда қалбимиз орзу-умидларга тўла эди. Барчаси саробга айланди. Минглаб сафдошларим, ёш-ёш йигитларнинг умри хазон бўлди. У даврларни эслашнинг ўзи жуда оғир. Шунинг учун ҳам учрашувларда,  давраларда бугунги дориламон кунларнинг қадрига етайлик, деб маъшум кунлар ҳақидаги хотираларимдан баъзиларини гапириб бераман.
Шукрки, мустақилликка эришиб, озод ва обод юртда, фаровонликда  яшаяпмиз. Бугун халқимиз ҳеч кимдан кам эмас. Телевизордан мамлакатимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларни кўриб, эшитиб, қалбимиз ғурурга тўлади. Ўзбекистонимизни ёмон кўзлардан асрасин, дея доимо дуодамиз.
Юртимизда  9 май — Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Байрамларда бизни йўқлайдиганлар янада кўпаяди. Маҳалладошлар, жамоатчилик вакиллари, қариндош-уруғлар бир дастурхон атрофида йиғилиб, Ватанимизда бўлаётган янгиланишлар, бунёдкорликлар ҳақида  суҳбатлашамиз.
Она заминимизда ҳар бир инсон азиз ва мўътабар. Айниқса, биз қариялар эл-юртнинг эътиборида, эъзозидамиз. Ҳеч ким меҳрини, ҳурматини аямайди. Бундай кунларни кимлар орзу қилмаган?! Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони  биз, кексаларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликнинг  яна бир ёрқин ифодаси бўлди.  Бундай меҳрдан куч олиб, руҳимиз кўтарилади.
Умр бўйи мактабда болаларга тарих фанидан сабоқ бердим. Беш фарзандни тарбиялаб, вояга етказдим. Ҳозирги кунда улар эл-юрт хизматида. 22  набирам,  27 нафар чеварам бор. Барчаси жам бўлишса борми, уйимиз гўё тўйхонага айланади. Уларнинг юз-кўзидаги қувончни, бахтиёрликни кўриб, хурсанд бўламан.  Болаларимизнинг бугуни, келажаги учун қайғураётган юртнинг толеи баланд, истиқболи порлоқ, албатта.
Ватан азиз, муқаддас, уни қадрлаш, янада тараққий этиши учун садоқат билан хизмат қилиш керак.  Ниятим шуки, Ер юзида, юртимиздагидек, тинчлик-фаровонлик, меҳр-муҳаббат ва эзгулик ҳукмрон бўлсин. Эртанги кунга ишонч ҳисси дилларда мустаҳкамланаверсин.


Жабберган  ҚАЛАНДАРОВ, 
уруш ва меҳнат фахрийси.
Урганч шаҳри

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn