Ижодий изланиш ва юксак рағбат
  • 04 Май 2016

Ижодий изланиш ва юксак рағбат

Кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Олтин қалам” XI Миллий мукофоти учун эълон қилинган халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб ташкил этилган ушбу тадбирда сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ва халқаро ташкилотлар, юртимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.
Тантанада сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча жабҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тезкор, холис ва ҳаққоний ёритишда, халқимиз маънавиятини юксалтиришда, фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда, жамиятимизда демократик қадриятларнинг мустаҳкам қарор топишида оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти беқиёс эканлигини, шу боис Президентимиз раҳнамолигида мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган ижодкорлар меҳнатини қадрлаш, уларнинг самарали ижод қилиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Бундай эътибор ва ғамхўрлик журналистлардан билдирилган ишончга муносиб бўлишни, масъулиятни астойдил ҳис этишни, соҳанинг илғор иш тажрибаларини пухта ўзлаштиришни, давр билан ҳамқадамликни, миллий манфаатларимизнинг том маънодаги ҳимоячиси сифатида фаолият юритишни талаб этмоқда.
Мана, ўн бир йилдирки, Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган ушбу танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Uzreport” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлови энг фаол, изланувчан, серғайрат, ташаббускор журналистларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш имконини бермоқда. Айни пайтда ушбу ижодий беллашув миллий ҳамда халқаро журналистика ютуқларини тарғиб ва ташвиқ қилиш, оммалаштириш, журналистларнинг фаол фуқаролик позициясини намоён этиши учун шароит яратиш, ижодкорларда танқидий фикрлаш ҳамда ўз фаолиятига янгича ёндашувни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу йилги танловда 510 нафар журналист 8500 га яқин ижодий ишини тақдим қилди. Мана шу рақамнинг ўзиёқ танловнинг нуфузи ва қамрови, аҳамияти йил сайин ортиб бораётганидан далолат беради.
“Олтин қалам” ХI Миллий мукофоти учун халқаро танловда Бош миллий мукофот соҳиби, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ғолиблар, шунингдек, “Энг яхши матбуот хизмати”, “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи мукофотлар эгалари аниқланди.
Танлов доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди рағбатлантирувчи мукофотларини таъсис этган. Шу билан бирга, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ахборот маркази, ЮНЕСКО, ЮСАИД, “Минтақавий мулоқот” (Словения), Германия Халқ университетлари ассоциацияси каби қатор халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ҳам мазкур маросимда ўз мукофотлари билан қатнашди.
Танловнинг Бош миллий мукофотини қўлга киритган “Тошкент телерадиоканали” ДУК ижодий жамоаси махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва мамлакатимизда белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев сўзга чиқди.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn