Долзарб лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда
  • 04 Май 2016

Долзарб лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Маълумки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчил рўёбга чиқариш учун Конституциямиз асосида демократик институтларнинг эркин ва самарали фаолият юритишини таъминлашга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларини ўзида мужассамлаштирган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Бунинг амалий натижасини ҳозирги кунда жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳасида 8 минг 300 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иш олиб бораётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Давлат томонидан қўллаб-қувватланиши уларнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштироки тобора кенгайишида ҳал қилувчи омил бўлаяпти.
Таъкидланганидек, нодавлат нотижорат ташкилотлари умумдавлат аҳамиятига молик дастурлар ижросини таъминлашга муносиб улуш қўшиб, аҳолининг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини кучайтириш, бандлик кўрсаткичини ошириш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, ёшлар таълим-тарбияси, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва бошқа эҳтиёжманд қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш каби долзарб йўналишларда самарали лойиҳаларни рўёбга чиқараётир. Бу жараёнда, шубҳасиз, ижтимоий шериклик муҳим ўрин тутмоқда.
Йиғилиш иштирокчилари асосий эътиборни “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасидаги чора-тадбирларга қаратишди. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросига нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат гранти ажратиш бўйича эълон қилинган биринчи ва иккинчи танлов натижалари қизғин муҳокама этилди.
Мазкур танловларга уч юз элликдан зиёд ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан тўрт юзга яқин лойиҳалар тақдим қилинган. Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган 45 та лойиҳа ғолиб, деб топилди ҳамда уларни молиялаштириш учун 1,1 миллиард сўм ажратилди. Бундан ташқари, ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, маҳалла институтининг ушбу жараёндаги фаол иштирокини мустақил оммавий ахборот воситаларида ёритиш, давлат органлари очиқлигини таъминлашга қаратилган 30 дан зиёд лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 750 миллион сўм йўналтирилиши бўйича қарор қабул қилинди.
Йиғилишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларни, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, оилавий бизнесни ривожлантиришга давлат гранти ажратиш бўйича учинчи ва тўртинчи танловларни эълон қилиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Мазкур танловларда имконияти чекланган болаларнинг жамиятга интеграциялашувига кўмаклашиш борасидаги лойиҳалар ҳам қўллаб-қувватланади.
Қатнашчиларнинг фикрича, фуқаролик жамияти институтларига ана шундай муҳим ва рақобатдош лойиҳаларни тайёрлаш бўйича ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш айни заруратдир. Шунга кўра, Парламент комиссиясининг қатор давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш режаси ва дастури тасдиқланди.
Парламент комиссияси йиғилиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилди.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn