Тинч ва осуда юртда яшаш — улкан бахт
  • 03 Май 2016

Тинч ва осуда юртда яшаш — улкан бахт

Кунда-кунора ўғилларим ёки набираларим шаҳримизни томоша қилишга олиб боради. Қурилаётган улкан бинолар, фойдаланишга топширилган шифохоналар, мактаблар, -истироҳат боғларини кўриб, кўзим қувнайди. Ҳар гал янгича таассуротлар, бир олам завқу шавқ билан уйга қайтамиз.

Аҳоли учун яратилаётган бундай қулайликлардан бошимиз осмонга етади. Тинчлик ва хотиржамликнинг, эзгу ниятларнинг натижаси бўлмиш бугунги кунларни қадрлаш эса ҳар биримиз, айниқса, ёшларимиз зиммасидаги улкан вазифадир.

Бу гапларни бежиз айтаётганим йўқ. Ахир биз тинчликнинг бебаҳо неъмат эканлигини яхши англаймиз. Қаранг, Иккинчи жаҳон урушида юртимиздан 1,5 миллиондан зиёд киши қатнашган. Бу қирғинбаротда 500 мингга яқин ҳамюртларимиз ҳалок бўлди, минглаб норғул йигитлар бедарак кетди, аксарияти майиб-мажруҳ ҳолда қайтди. Эҳ-ҳе, у пайтларни ёдга олсам, ҳанузгача юрагим орқага тортиб кетади. Шунинг учун ҳам тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, авайлашда ҳикмат кўп.

Талатўплардан омон қайтиб, боғлар яратишга, серҳосил навларни кўпайтиришга қизиқдим. Айниқса, мустақиллик йилларида Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнади. Фидокорона меҳнатимиз учун давлатимиз томонидан тақдирландик. Турмуш ўртоғим билан фарзандларни эл корига ярайдиган инсонлар этиб тарбияладик.

Яқинда биздан олис мамлакатда яшаётган қуролдошларимдан бири хонадонимизда меҳмон бўлди. У билан икки кун Навоий шаҳрини, туманларни айландик.

Меҳмон асрларга татигулик бунёдкорлик ишларидан ҳайратланди. Хусусан, биз, нуронийларга кўрсатилаётган эҳтиромни эшитиб, кўзи ёшланди. “Шундай тинч-осуда юртда умргузаронлик қилишдан ортиқ бахт борми дунёда?” дея таъкидлади.

Чиндан ҳам, биз бахтиёр инсонлармиз. Тақдиримизга истиқлол деб аталмиш улуғ неъматни кўриш насиб этди. Ҳар доим иззат-икромдамиз, эътибордамиз. Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони эса кўнглимизни тоғдек кўтариб юборди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда ногиронлари моддий рағбатлантирилиши, пул мукофоти тантанали ва байрамона вазиятда топширилаётгани янада ибратлидир.

Маҳалла-кўй, мактабларга ёшлар билан учрашувларга таклиф этишади. Бундай тадбирларда эртамиз эгаларига “Бугунги фаровон ҳаёт, осойишталикнинг қадрига етинг, уни кўз қорачиғидек асраб-авайланг”, дейишдан асло чарчамайман.

 

Барака ЗАРИПОВ,

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.

Навоий шаҳри

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn