Ёш оилалар учун шинам тураржойлар
  • 29 Апрель 2016

Ёш оилалар учун шинам тураржойлар

Чортоқ туманида ёш оилаларга мўлжалланган “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққанлар юртимизда навқирон авлод вакилларига яратилаётган кенг имкониятлар, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик улар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Чортоқ тумани марказидаги мазкур тураржойни бунёд этишга 3,3 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Бу ерда ёш оилаларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун барча шарт-шароит яратилган.  

Кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони Муҳаммаджон Йўлдошев оиласига уч хонали уй калити топширилди. Туманда Муҳаммаджон сингари турли соҳаларда юксак муваффақиятларни қўлга киритаётганлар кўпчиликни ташкил этади. 

Бадиий гимнастика бўйича мураббия Нигора Носирова — шулардан бири. У “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибаси. Турмуш ўртоғи Азимжон эса маданият ходими. Уларга ҳам ушбу “Камолот” уйидан алоҳида хонадон ажратилди. Олий таълим муассасаси ўқитувчиси Сайёрахон ва иқтисодчи Миршоҳид Қозоқовлар эгизак фарзандларини янги уйда вояга етказадиган бўлдилар.

— Ҳозирги пайтга қадар Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Уйчи туманларида  ёшларга мўлжалланган ана шундай тураржойлар фойдаланишга топширилди, — дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ходими Шерзод Турсунов. — Фаол йигит-қизлар бахту саодати, -камоли учун хизмат қилиб, уларни янгидан-янги марралар сари рағбатлантирадиган бундай бинолар, ҳадемай, Наманган ҳамда Янгиқўрғон туманларида ҳам ўз эгаларига тақдим этилади.

Маҳаллий ҳокимлик ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган маросим янги хонадон соҳибларининг уй тўйларига уланиб кетди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn