Тадқиқотчиларнинг интилишлари қўллаб-қувватланаяпти
  • 28 Апрель 2016

Тадқиқотчиларнинг интилишлари қўллаб-қувватланаяпти

Юртимизда тадқиқотчилар, айниқса, ёш изланувчиларнинг интилиш ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар томонидан таклиф қилинаётган инновацион ғоялар, лойиҳа ҳамда ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ана шу мақсад рўёбига хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир. 

Пойтахтимизда бўлиб ўтган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Тошкент шаҳри ҳамда вилояти ҳудудий ярмаркасида 300 дан ортиқ саноат корхоналари, 800 дан зиёд кичик бизнес ва -хусусий тадбиркорлик субъектлари, талаба-ёшлар ўз ишланмалари билан қатнашди.

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уюштирилган мазкур тадбирда саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари, илм-фан ҳамда бошқа йўналишларга оид жами 600 га яқин инновацион технология, ишланмалар намойиш қилинди.

— Ярмаркада энергияни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш мавзуидаги лойиҳам билан қатнашаяпман, — дейди Тошкент давлат техника университети талабаси Сарвар -Усмоналиев. — Маълумки, ҳозирги кунда автомобиль йўллари, кўчалар, хиёбон ва майдончалар, хизмат кўрсатиш шохобчалари электр энергияси ҳисобига ёритилади. Ишланмамнинг асосий мақсади сарфланаётган бундай энергияни унинг муқобил шакли, яъни шамол генератори асосида тежаш, шу орқали табиий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлашдан иборат.

Тадбирда иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган янги техника ва технологиялар, илмий ғоялар сараланиб, уларни амалиётга самарали қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn