Долзарб масала муҳокамаси
  • 28 Апрель 2016

Долзарб масала муҳокамаси

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларга қарши курашнинг миллий тажрибаси, унинг бугунги ҳолати ҳамда қонунчилигини такомиллаштириш истиқболларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Юристлар малакасини ошириш маркази, -Адвокатлар палатаси, Олий ҳарбий божхона институти, Солиқ академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Тадбирда жиноят қонунчилигининг иштирокчиликка оид нормаларини қўллашда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор-ганлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда хорижий давлатлар тажрибалари асосида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликнинг бу борадаги нормаларини қўллаш амалиёти  каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, юртимизда жиноятчилик турларига қарши курашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида халқимиз тинчлиги ва осойишталиги таъминланиб, одамларнинг ҳаётдан розилиги, эртанги кунга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланаяпти. 

Шунингдек, конференцияда иштирокчиликда содир этиладиган ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг изчиллигини таъминлаш, хусусан, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлаш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, шу соҳа билан боғлиқ миллий қонунчилик ва унинг механизмларини янада такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Анжуманда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш, иштирокчиликка қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаш, ушбу йўналишдаги илмий тадқиқот ишлари натижаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш юзасидан аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn