ШҲТ фаолияти бўйича жамоатчилик фикри
  • 27 Апрель 2016

ШҲТ фаолияти бўйича жамоатчилик фикри

Ҳамюртларимиз пойтахтимизда ташкил этиладиган ШҲТнинг Тошкент саммитини жорий йилдаги энг асосий сиёсий воқеалардан бири деб ҳисоблайди.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқаролар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтадиган саммити ҳақида” мавзуида экспресс-сўров уюштирилди. У юртдошларимизнинг мазкур ташкилотнинг 15-мажлиси арафасидаги кайфияти, ШҲТ фаолияти, тадбирга кўрилаётган тайёргарлик хусусидаги фикрларини ўрганиш мақсадида ўтказилди.

Тадқиқотда пойтахтимизда истиқомат қиладиган турли ёш, миллат, касб-ҳунар эгалари ва фаолият вакиллари қатнашди. Маълум бўлдики, респондентларнинг мутлақ катта қисми Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юбилей мажлисига айнан Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётганидан чексиз фахрланади. Сўров давомида улар давлатимиз раҳбари томонидан ШҲТ фаолиятини янада кучайтириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мазкур тузилма тараққиёти ҳамда нуфузини юксалтиришга қўшаётган ҳиссаси юқори самара бераётганини эътироф этдилар. Иштирокчилар саммитда қабул қилинадиган қарорлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муҳим босқични бошлаб бериб, тинчлик, осойишталик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг изчил ривожланишини таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Фуқароларнинг 92,1 фоизи айни пайтда ШҲТ дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири экани ҳамда унинг обрўси йилдан-йилга юксалаётганини таъкидлаган. Унга аъзо, кузатувчи ёки мулоқот бўйича шерик бўлишни истайдиган мамлакатлар сони ортиб бораётгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Сўровдан аён бўлдики, ШҲТ ҳудуди ва дунёда хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш ушбу ташкилот фаолиятининг энг устувор йўналишидир. Респондентларнинг айтишича, юқоридаги эзгу мақсадларга эришишда у пухта мувофиқлаштирувчи тузилма саналади.

Бундан ташқари, ташкилот доирасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятда самарадорликка эришилаяпти.

Юртдошларимиз саммитда иштирок этиш учун диёримизга келадиган меҳмонларни муносиб кутиб олишни жуда муҳим деб ҳисоблайди. Уларнинг ишонч билдиришича, тадбир ШҲТга аъзо давлатларнинг янада фаровонлашиши ва гуллаб-яшнашига, ўз навбатида, юбилей учрашув Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада -ошириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги поғонага олиб чиқишга хизмат қилади.

Сўровда қатнашганларнинг таъкидлашича, Тошкент саммити йилнинг энг асосий сиёсий воқеаларидан бири бўлади. Шунга кўра, аҳоли пойтахтимизда рўй бераётган янгиланишларни ижобий баҳоламоқда. Уларнинг 81,4 фоизи замонавий биноларнинг бунёд этилиши, кўчалар, тураржой массивлари қиёфасидаги ўзгаришлар, кўкаламзорлаштириш жараёнини алоҳида эътироф этган. Респондентларнинг фикрича, бўлажак форумга кўрилаётган тайёргарлик ишлари фаол, юқори суръатларда олиб борилаяпти.

Ватандошларимиз ҳурматли меҳмонларни қарши олишидан жуда мамнун эканликларини билдирган. Уларнинг айтишича, тадбир ташкилотчилигининг юксак даражаси, ўзбекистонликларнинг меҳмондўстлиги, Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари ва замонавий қиёфаси меҳмонларга унутилмас таассуротлар бағишлайди.

Экспресс-сўров фуқароларимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг пойтахтимизда бўладиган навбатдаги мажлисига нисбатан қизиқиши юқори эканини яна бир бор намоён этди. Улар мустақил юртимиз тарихи зарварақларида ёрқин из қолдирадиган мазкур саммитга кўрилаётган кенг кўламли тадорикни катта эътибор билан кузатиб бораяпти. Респондентлар саммитни ўтказиш ва ШҲТ таркибига кирган мамлакатлардаги фуқароларни ташвишга солаётган энг долзарб муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳамда усулларини топиш борасида давлат раҳбарларига муваффақиятлар тилади. Улар режалаштирилган учрашувлар хайрихоҳлик ва ўзаро тушуниш руҳида ўтишига ишонч билдирди.

Сўровда Юртбошимиз олиб бораётган, халқаро ҳамкорлик муносабатларини, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотидек нуфузли тузилма доирасида ҳам ривожлантиришга йўналтирилган ташқи сиёсат фуқаролар томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланаётгани яна бир бор ўз ифодасини топди. Бинобарин, навбатдаги саммит тинчлик ҳамда барқарорлик номи ила дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга, аъзо мамлакатларнинг янада тараққий этишига катта туртки бериши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

 

«Ижтимоий фикр» 

жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида 

Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn