«Янада юксак марраларни эгаллаймиз!»
  • 27 Апрель 2016

«Янада юксак марраларни эгаллаймиз!»

Наманганда мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзуида ўтказилган тарғибот тадбирларида ёшлар ўз фикрларини ана шундай изҳор қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда таниқли санъаткорлар, шоир ҳамда ёзувчилар, олимлар, -иқтидорли ўғил-қизлар қатнашди. Мазкур акция доирасида навқирон авлодни юртга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни турли салбий ғоялар, зарарли иллатлар таъсиридан ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган учра-шувлар ўтказилди. Ўзаро мулоқотлар чоғида Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Тарғибот гуруҳи аъзолари юртимизда мустақилликкача бўлган давр ҳамда истиқлол йилларида юз бераётган улкан ўзгаришлар хусусида сўз юритдилар. Ҳар бир таълим муассасасида ҳудудлар тараққиётини акс эттирувчи суратлар кўргазмаси уюштирилди. Тадбирлар чоғида ўқувчиларнинг фан, спорт, ахборот технологиялари каби турли соҳаларда қўлга киритаётган муваффақиятлари эътироф этилди.

Масалан, биргина спорт йўналишида ўтган йили вилоят вакиллари республика, халқаро миқёсдаги мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида 455 та олтин, 446 та -кумуш, 630 та бронза медални қўлга киритиб, юксак салоҳиятларини намойиш қилдилар.

Наманган шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби ўқувчилари пойтахтдан келган меҳмонларни истиқлол йилларида эришилган мислсиз натижалар акс эттирилган фотосуратлар, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси билан қарши олишди. 

— Шундай озод ва обод юрт фарзанди эканимдан чексиз фахрланаман, — дейди ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Турсунбоев. — Ўз навбатида, мамлакатимизда биз, ёшларнинг билим олиш, касб-ҳунар эгаллашимиз учун яратилган беқиёс шарт-шароитларга муносиб жавоб беришимиз зарурлигини ҳар қадамда ҳис қилиб турамиз. Мана, бугунги тадбир иштирокчиларига ўзим ясаган кўп қаватли уйлар макетини кўрсатдим.  Улардан илиқ фикрлар эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Умуман, ушбу -анжуман бизда катта таассурот қолдирди.

Наманган муҳандислик- педагогика институтида ўтказилган тадбирда олий ўқув муассасаси фаолияти, талабалар эришган марралар ҳақида фикр юритилди. Мазкур таълим даргоҳида таҳсил олган, бугунги кунда давлат ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган мутахассислар, шунингдек, юрт осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг суратлари, ҳаёт йўли ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган “Ибратли йўл” номли кўргазма уюштирилди.

Таълим муассасаларида, шунингдек, ёшларни ҳушёрлик ва огоҳликка чорловчи қисқа метражли фильмлар намойиш этилди.

Учрашувда пойтахтдан таниқли санъаткорлар ҳамда ҳаваскор ёшлар ижросидаги куй-қўшиқлар ва рақслар акция қатнашчиларига байрамона кайфият бағишлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,  

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn