Фахрийлар доимо эъзоз ва эҳтиромда
  • 27 Апрель 2016

Фахрийлар доимо эъзоз ва эҳтиромда

Кексаларга иззат-икром кўрсатиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан бири бўлиб, улуғ мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни уларнинг маслаҳати ва дуолари билан бошлаймиз, нуронийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаларига таянамиз. Мана шу азалий анъана, олижаноб фазилат бугун давлатимиз сиёсатида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги, ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур экани белгилаб қўйилган. Мазкур конституциявий норма асосида кекса авлод вакилларига нисбатан эътиборни кучайтириш, уларнинг турмуш даражасини юксалтириш, пенсия таъминоти ҳамда ижти-моий кўмак бериш тизимини такомиллаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий базаси яратилгани, аниқ манзилли дастурларнинг амалиётга изчил татбиқ этилаётгани аҳолининг ушбу қатлам вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлаяпти.

Хусусан, ўтган йили Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва фронт ортида хизмат қилган 61 минг нафардан ортиқ фахрийларимизга коммунал хизматлар бўйича 3 миллиард 900 миллион сўм миқдоридаги компенсация пуллари тўлаб берилди. Юртимизнинг барча ҳудудида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ташкил этилган тадбирлар давомида 215 минг нафардан зиёд отахону она-хонларимиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашилди. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрда имзоланган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бугунги тинч ва фаровон ҳаётни барпо этишга ўз ҳиссасини қўшган кексаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришда дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжат асосида 

50 мингдан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ҳамда ногиронлар санаторийларда бепул даволаниш имкониятига эга бўлди. Уларнинг 7 минг нафарига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, юртимизда байрамлар арафасида нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш анъанага айланган. Жумладан, ҳар йили 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз Фармонига мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилади, улар иштирокида кенг жамоатчилик ўртасида одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган турли тадбирлар ташкил этилади. Шунинг ўзиёқ инсон шаънини, қадр-қимматини улуғлаш жамиятимизнинг барча соҳасини модернизация қилиш ҳамда янгилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб негизи эканидан далолат беради. 

Дарҳақиқат, уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган, оғир йилларда чинакам жасорат кўрсатган, Ватан, келажак авлод олдидаги бурчини матонат билан адо этган фахрийларга бўлган эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ана шу юксак эътиборнинг яна бир намунасидир.

Фармонда 9 майда умумхалқ байрами — Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши,  Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ўалабага бебаҳо ҳисса қўшган фахрийларимизни муносиб равишда ҳамда иззат-икром билан шарафлаш вазифалари белгиланган. 

Айни пайтда ушбу ҳужжат доирасидаги ишларга қизғин киришилган. Жойларда уч авлод учрашувларини юқори савияда ташкиллаштириш, шу орқали аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш, уларни тараққиёт пойдевори ҳисобланган тинчликни қадрлаб, дунёда кузатилаётган таҳликали вазиятда янада ҳушёр  ва огоҳ бўлиб яшашга ундаш саъй-ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда парламен-тимиз аъзолари ҳам ташаббускорлик ҳамда фаоллик кўрсатаётганини қайд этиш лозим.

Навқирон ёшлиги оғир йилларга тўғри келган, умр йўли чинакам ибрат мактаби бўлган уруш ва меҳнат фахрийларининг оғирини енгил, умрини узоқ қилиш мақсадидаги хайрли ишлар бир-бирига уланмоқда. Зеро, бугунги тинч ҳамда обод ҳаётимизни барпо этишга беқиёс хизматлари сингган, хонадонларимизнинг файзи бўлган мўътабар кексаларимизнинг фаровон ва муносиб умр кечириши учун кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш барчамизнинг  инсоний бурчимиздир.

 

З. НИЗАМХОДЖАЕВ,

Олий Мажлис Сенати  

Фан, таълим, маданият 

ва спорт масалалари 

қўмитасининг раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn