Кичик бизнес ва тадбиркорлик равнақида муҳим босқич
  • 27 Апрель 2016

Кичик бизнес ва тадбиркорлик равнақида муҳим босқич

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. Бунда соҳа вакилларига берилаётган имконият ҳамда имтиёзлар кўлами тобора кенгайиб бораётгани, айниқса, муҳим омил бўлаяпти.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Чунки бу ҳужжатда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни сифат жиҳатидан тараққий эттириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилдики, унинг самараси амалда кўзга яққол ташланмоқда. Жумладан, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида 9642 та кичик бизнес субъекти фаолият юритаётган бўлса, шундан 1146 таси ўтган йилнинг ўзида ташкил этилди.

Гап Оролбўйида ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ҳақида борар экан, албатта, Нукус шаҳрида бу борада олиб борилаётган ибратли ишларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.  Негаки, 2013 — 2015 йилларда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, фақат ўтган йилнинг ўзида қиймати 20,4 миллиард сўмликка тенг бўлган 171 лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 1747 та  иш ўрни яратилди. 

Шу шаҳардаги “Строй вектор” масъулияти чекланган жамияти қошида фаолият бошлаган “Пана милк” корхонаси — шулардан бири. Хорижнинг замонавий илғор технологик ускуналари билан жиҳозланган мазкур корхонада 54 хил сут маҳсулоти тайёрланиб, ички бозорга пешма-пеш етказиб берилмоқда.

Корхона иш бошқарувчиси Тимур Панаевнинг айтишича, айни пайтда истеъмолчиларга ойига 100 миллион сўмлик ана шундай маҳсулот тақдим этилаяпти.

— Нукус қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини битирганман,— дейди корхона лабораторияси ходими Фарида Сейдабуллаева. — Ўқиш давомида олган билимим иш жараёнида асқатмоқда. Касбим ўзимга ёқади. Қолаверса, ҳам оиламга,  ҳам жамиятга фойдам тегаётганидан мамнунман.  

Корхонада Фарида каби 20 нафар йигит-қиз меҳнат қилаяпти. Улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар эса харидорларга манзур. Юртимизда бу каби эзгу мақсад йўлида фаолият юритаётган тадбиркорлар сафи янада кенгайиши, шубҳасиз. Чунки бунинг учун шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар етарлидир.

 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn