Баркамол авлод — келажак пойдевори
  • 27 Апрель 2016

Баркамол авлод — келажак пойдевори

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида республика ва халқаро миқёсда турли соҳаларда муваффақиятларга эришаётган иқтидорли ёшлар фаолиятини акс эттирувчи “Баркамол авлод — келажак пойдевори” деб номланган фотокўргазма очилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда фан, таълим, маданият ҳамда санъат йўналишларида юксак натижаларга эришган истеъдодли талабалар, санъат ва маданият намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И. Латипов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси Б. ўаниев ҳамда бошқалар юртимиз тараққиёти, унинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиб бориши кўп жиҳатдан бугун камолга етаётган ёшларнинг ақл-заковати, билим-тафаккури ва ғайрат-шижоатига боғлиқ эканлигини, шу маънода, мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ навқирон авлод тарбиясига энг устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратиб келинаётганини алоҳида таъкидлашди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги қонунлари, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури бу борада мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётир. 

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса ушбу жабҳадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида ўрин тутмоқда.

Кўргазмада бир неча турдаги экспозициялар намойиш этилмоқда. Хусусан, “Ёшлар ва таълим”, “Ёшлар ва маданият”, “Ўзбекистонга хизмат қиламан”, “Ёшлар ҳаёти — ёшлар нигоҳида” каби мавзулардаги фотолавҳалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаяпти.

Тадбир доирасида “Камолот”да меҳмонда” лойиҳаси, “Ватанимга дил изҳори” номли акция, ижодкор ёшларнинг тасвирий ҳамда амалий санъат кўргазмаси, “Ўзбекистон музейларининг 100 та энг сара асари”, Темурийлар тарихи Давлат музейининг “3D саёҳат” тўпламларининг тақдимоти, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестрининг концерт дастури намойиш этилди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn