Юксак эҳтиромдан беҳад мамнунмиз
  • 26 Апрель 2016

Юксак эҳтиромдан беҳад мамнунмиз

Ҳаёт — азиз неъмат. Мана, бу йил тўқсон уч ёшга кирдим. Кексалик даврини давлатимиз эъзозида, яқинларим қуршовида бахтиёр ўтказаётганимдан ниҳоятда масрурман. 

Қирққа яқин невара, чеварам бор. Ҳар куни аҳволимдан хабар олиб туришади. Қолаверса, маҳалла-кўй, қўни-қўшни яхши кунларига таклиф этади. Бундай иззат-икромдан ўзингни худди яшариб бораётгандек ҳис қиларкансан. 

Бугунги авлоднинг мана шундай гўзал давру давронда камол топаётганидан қувонаман. Беихтиёр болалик йилларим ёдга тушади. Ҳали эсимни танимай туриб, тирикчиликка кўмаклашиш мақсадида меҳнатга киришганман. Мактаб, билим олиш ҳам шунга яраша бўлган. Булар ҳақида болажонларимизга гапириб берсам, ишонишмайди. Бугун ҳаммаси бошқача. Бизлар орзу қилган замон фарзандларимизга насиб этди. Уларнинг ўқиши, соғ-саломат вояга етиши, касб-ҳунар эгаллаши учун шарт-шароит бисёр.

Дарҳақиқат, буюк ўзгаришларни ўз ичига олган ажойиб кунларда яшаяпмиз. Мақсадларимиз ижобати — бунёдкор халқимиз, инсон қадр-қиммати юксакларга кўтарилаётганида. Айниқса, юрт озодлиги, фарзандлар бахт-саодати учун фидойилик кўрсатган кекса авлод вакилларига бўлган эътибор беҳад юқори. Мана, яқинда давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги Фармони эълон қилинди. Бу тинчлик ва осойишталик йўлидаги курашларнинг яна бир эътирофи, биз, нуронийларга юксак эҳтиромнинг яна бир яққол ифодаси, десак, тўғри бўлади.

Ҳозирги кунда шаҳримизда   урушнинг алам ва ситамларини мен сингари бошидан ўтказган 19 нафар инсон истиқомат қилаяпти. Бир-биримиз билан кўришганда, беихтиёр ўтган йилларни хотирлаймиз. Бугунги фаровон, тинч ва осуда ҳаётимиз ҳақида суҳбатлашиб, “Шундай кунлар келар экан-ку”, дея шукроналар айтамиз. Дориламон давримизга кўз тегмасин. Ахир инсон қадри улуғланган шундай гўзал юртда, яхши одамлар орасида яшаш умрга умр қўшади-да.

 

Собиржон МЎМИНОВ,

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. 

Наманган шаҳри

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn