Фуқаролар йиғини сайлови ва юксак масъулият
  • 26 Апрель 2016

Фуқаролар йиғини сайлови ва юксак масъулият

Мамлакатимизда маҳалла институтининг нуфузи ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, жамият ҳаётида дўстона қўшничилик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ёрдамга муҳтож одамларга ғамхўрлик қилиш каби миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни кенг қарор топтириш, ёшларни миллий истиқлол ғоялари ва Ватанга садоқат, жамият олдидаги ўз бурчи ҳамда масъулиятини теран англай биладиган руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада бугун фуқаролар йиғинлари 30 дан зиёд вазифаларни муваффақиятли бажариб, фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида ўзини ҳар томонлама намоён қилаётир.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг май — июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари сайловида ҳар томонлама муносиб номзодларнинг сайланиши маҳалла институти мавқеини янада ошириш ва унинг ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади. Зеро, ушбу сайловда 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган. Ушбу лавозимларга эл-юрт ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда ишчан ва ташаббускор -фуқаролар сайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонуни асосида жойларда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Республика бўйича 208 та кўмаклашувчи комиссия тузилган бўлиб, улар томонидан бўлажак сайлов ошкоралик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтиши учун зарур чоралар -кўрилаяпти. Хусусан, ҳар бир фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳлар тузилди.

Соҳа қонунчилигига кўра, улар навбатдаги сайлов эълон қилингунга қадар фаолият юритади. Ишчи гуруҳлар томонидан фуқаролар йиғинлари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Шу боис ишчи гуруҳлар таркибига фуқаролар йиғини ҳамда тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари, шунингдек, халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари киритилди.

Айни пайтда фуқаролар йиғинларидаги ишчи гуруҳлар самарали фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, улар ваколати доирасида тегишли ҳудуддаги фуқаролар ўртасида сайлов қонунчилиги талабларини тушунтириш, ҳовлилар ва кўчалардан фуқаролар йиғинидаги сайловда иштирок этадиган вакилларни сайлаш бўйича иш олиб бормоқдалар.

Мазкур йўналишдаги вазифалар қай даражада бажарилаётганлиги Олмазор туманининг “Жийдали” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ фаолияти мисолида ўрганилди. Ҳудудда 4200 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 2300 нафари сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролардир. Бу ерда 7 кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ томонидан аҳоли ўртасида сайлов жараёни тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Фуқароларни ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирдан хабардор қилиш мақсадида кўп қаватли уйлар ва кўчалар бошида сайлов билан боғлиқ эълонлар осиб қўйилди. Шунингдек, ҳар бир хонадонга кириб, вакилларнинг номзодлари юзасидан одамларнинг фикри ўрганилди. Қолаверса, ҳудудда доимий яшайдиган фуқаролар орасидан аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда, маслаҳатчилар номзодларини шакллантириш ишлари ҳам изчил давом эттирилаяпти. 

Маҳаллада раиснинг 9 нафар маслаҳатчиси сайланиши белгиланган. Ҳар бир ўринга муқобиллик асосида икки нафардан номзод кўрсатилмоқда. Раис маслаҳатчилари номзодини танлашда аҳоли фикри чуқур ўрганилиб, эл-юрт ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари ёки хўжалик фаолиятида иш тажрибасига эга фаолларга алоҳида урғу берилаётир. Шу билан бирга, уларнинг келгусида маҳалладаги жамоатчилик комиссияларига раҳбарлик қилишлари инобатга олинмоқда. Бу лавозимларга сайланган раис маслаҳатчилари келгусида 2,5 йил давомида фуқаролар йиғинидаги комиссиялар фаолиятини юритиш ҳамда маҳалла ҳаётидаги муҳим қарорларни қабул қилишда ҳиссаларини қўшадилар.

Шундан келиб чиқиб, раис маслаҳатчилари маҳалладаги ҳеч бир масалага бефарқ қарамайдиган масъулиятли ҳамда ташаббускор фуқаролардан сайланиши талаб этилади. Ана шунда фуқаролар йиғини ўз ваколатидаги 30 дан зиёд вазифаларни бажаришда изчил фаолият олиб боради. Айни чоғда маслаҳатчилар бошқарадиган комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш орқали фуқаролар йиғинларида оилаларни мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни жадал ривожлантириш ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга эришилади.

Умуман олганда, юртимиз бўйлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёрдамида ишчи гуруҳларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳлар хоналар, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланди. Бинобарин, сайловни демократик тамойиллар асосида ташкил этиш ҳамда ўтказиш, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига муносиб фуқароларнинг сайланишини таъминлаш маҳалла институтининг нуфузини янада оширади. 

 

Нигора НИШОНОВА, 

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти 

етакчи мутахассиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn