Малакали мутахассислар
  • 22 Апрель 2016

Малакали мутахассислар

ҳар бир соҳа ривожида алоҳида ўрин тутади

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, вилоят прокуратураси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида коллежлар битирувчилари ўртасида “Касб маҳорати” кўргазмаси, “Энг яхши мутахассис” ҳамда “Энг яхши бизнес лойиҳа” кўрик-танловлари бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда касб-ҳунар коллежларидаги 39 та ихтисослик йўналиши бўйича 1,5 минг нафарга яқин битирувчи ўз билим ҳамда касб маҳоратини намойиш этди.

Шаҳардаги педагогика ва хизмат кўрсатиш, олимпия захиралари, туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежлари, тиббиёт институти қошидаги 2-академик лицейда ўтказилган тадбирларда кичик мутахассислик дипломига эга бўлаётган йигит-қизларнинг йўналишлар бўйича тақдимотлари вилоят жамоатчилиги, корхона ҳамда ташкилотлар мутасаддилари, мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, компьютер технологиялари, маиший хизмат техникалари, тиббиёт, тикув-трикотаж, қурилиш-монтаж, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электр, газ, сув таъминоти тизимларини ўрнатиш, таъмирлаш, дурадгорлик, мебель ишлаб чиқариш, пайвандлаш каби ихтисосликларни эгаллаган ёшларнинг иқтидори кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

Айтиш жоизки, касб маҳорати тадбирларида республикамизнинг бошқа -вилоятларидан ташриф буюрган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими мутахассислари, бандлик бўлими ҳамда коллежлар мутасаддилари ҳам қатнашди.

— Биз етти нафар коллеж мутасаддиси билан келдик, — дейди Хоразм вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бандлик бўлими бошлиғи ў. Худойберганов. — Тақдимотлар жараёнида самарқандлик ёшларнинг ихтисослик йўналишлари бўйича фундаментал, замонавий билим даражаси, мутахассислик малакаси ва билими, ҳунарини амалиётга татбиқ этиш лаёқатига гувоҳ бўлдик. Айниқса, уларнинг илғор техника, асбоб-ускуналар, дастгоҳлардан эркин фойдалана олиши эътиборимизни тортди. Қолаверса, тадбирларга касб-ҳунар коллежларида ўқиш истагидаги умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари таклиф этилгани айни муддао бўлибди. Булар, албатта, мамлакатимиз миқёсида оммалаштиришга арзигулик тажрибалардир.

Шунингдек, тадбирларда коллеж битирувчиларининг спорт турлари, ошпазлик, меҳмонхона ва ресторан хизмати, амалий графика, мусиқа, анъанавий ижрочилик, рақс санъати бўйича ҳам маҳоратларини намойиш қилиши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Тақдимотлар давомида “Энг яхши бизнес лойиҳа” йўналиши бўйича эллик нафарга яқин пухта бизнес лойиҳа муаллифларига кредит ажратиш тўғрисида сертификатлар топширилди. “Энг яхши мутахассис” деб топилган 105 нафар битирувчига ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқди.

 

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn